Россия ўз ҳаво ҳудудини беркитиб қўйиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Медведевнинг огоҳлантиришича, ОИ санкцияларига Россия жавоби "асимметрик" бўлади

Агар Оврўпо Иттифоқи (ОИ) Украина можароси туфайли Россияга қарши янги санкцияларни қўлласа, Россия ўз ҳаво ҳудудидан учоқлар парвозини тақиқлаб қўйиши мумкин.

Россия огоҳлантириши ОИ санкцияларни қўллаш борасида якуний қарорни бериши кутилган бир пайтда чиққан.

ОИ жазо чоралари Украина шарқидаги вазиятнинг қай йўсинда ривожланишига боғлиқ бўлишини айтган.

Россияпараст бўлгинчилар сўнгги кунларда катта зафарларга эришган, бироқ Украина шарқида, қисқа отишмаларга қарамасдан, оташкесимга ҳамон роия қилинмоқда.

Апрел ойидан буён Украина шарқида юз берган жангларда 2,600га ақин инсон ҳалок бўлган.

Жума куни рақиб тарафлар урушни тўхтатишга келишиб олганлар.

Донецк ва Луганск минтақаларидаги исёнчиларга ёрдам тариқасида қўшин жўнатаётгани ҳақидаги Украина ва ғарб даъволарини Россия давомли рад этиб келади.

Украина шарқидаги айирмачилар мустақил давлат қуришни истайди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев янги жазо чораларига Москва "асимметрик" жавоб қайтаради, дея огоҳлантирган.

Россия ҳаво ҳудудларининг Оврўпо Иттифоқи учоқларига беркитилиши "кўплаб ҳаво ширкатларини касод қилиши мумкин", деб айтган у.

"Агар санкциялар Россия энергетика соҳаси ёки молия соҳасига қарши қаратилса, биз асимметрик тарзда жавоб беришга мажбур бўламиз... Мисол учун, транспорт соҳасидаги чекловлар, - деб айтган Дмитрий Медведев "Ведемости" газетаси билан суҳбатда. - "Биз шерикларимиз билан дўстона алоқалар асосида ишлаймиз, ва шунинг учун Россия фазоси парвозлар учун очиқ. Аммо бизга чекловлар жорий қилинса, жавоб қайтаришимиз керак бўлади."

Агар Россия Осиёга йўналишидаги ҳаво ҳудудини беркитса, ҳаво ширкатларининг ёнилғи харажатлари ортади ва, кўп ҳолларда, парвозлар муддати узаяди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ