Австралиядаги Исломий марказга рейдда икки киши ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Австралия полицияси Куинсланддаги Исломий марказга рейд уюштирди.

Бир кун аввал мамлакат Жосуслик Хизмати раҳбари терроризм хавфи эҳтимоли даражасини кўтариш кўриб чиқилаётганлигини билдирганди.

Хабар берилишича, рейд натижасида террорчилик амалларида гумон қилинган икки киши ҳисбга олинган.

Расмийларга кўра, ҳисбга олинганлар "Суриядаги уруш ҳаракатларида қатнашиш учун одамларни ёллаш ва молиялаш билан шуғулланганлар".

Ёшлари 21 ва 31 да бўлган икки шахс "Иқра" Исломий марказида қўлга олинган.

Австарлия матбуотидаги хабарларга кўра, 21 ёшли ҳибсга олинган шахсга нисбатан жангариларни ёллаш, 31 ёшли шахсга нисбатан эса "Жабҳа ан-Нусра" гуруҳига қўшилиш учун молия билан таъминлаш айбловлари қўйилади.

Федерал полиция сўзчисига кўра, бу шахслар Австралияда террорчи амалини режалаштирмаганлар.

Гувоҳларнинг айтишларича, полиция чоршанба куни эрта тонгда Исломий марказга етиб келиб, китоб, совға-салом ва уст-бош сотадиган бўлимга киришган.

Баъзи хабарларга кўра, полиция шу мавзеда жойлашган спорт марказига ҳам рейд уюштирган.

Айтилишича, Исломий марказнинг асосчиларидан бири Сурияда худкушлик ҳужумини уюштирган илк австралиялик Абу Асма ал Австралининг инисидир.

Лекин "Иқра" маркази ходимининг айтишича, марказнинг ва ҳибсга олинган икки шахснинг террорчилик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Унинг ABC хабар агентлигига айтишича, ҳисблар ноябр ойида ўтказилажак жаҳоннинг йирик 20 давлати раҳбарлари саммитидан аввал расмийларнинг "вос-восга тушганлари" сабабли ўтказилмоқда.

Австралия расмийларининг айтишларича, 100 дан ортиқ австралиялик Яқин Шарқдаги жиҳодий гуруҳларни қўллаб қувватламоқдалар.

Сешанба куни Австралия Хавфсизлик ва Жосуслик Ташкилоти раҳбари Дэвид Ирвин мамлакатда террорчилик ҳужуми эҳтимоли даражасини ошириш керакми-йўқлиги кўриб чиқилаётганини айтганди.

Австралияда 2003 йилдан бери терроризм хавфи даражаси "ўртача" бўлиб келган.

"Ўртача хавф" ҳужум рўй бериши мукинлигини англатади. Удан сўнги "юқори" даража ҳужум рўй бериш эҳтимоли катта эканлигини англатади.

Австралия расмийларининг айтишларича, Сурия ва Ироқдаги жиҳодчи гуруҳлар сафларида ҳозирда 60 га яқин австралиялик бор. Жанговор амалларда қатнашган 15 австралиялик шу вақтгача ҳалок бўлган. Улардан иккиси худкушлик ҳужуми қурбонидирлар.

Австралия ўз фуқароларининг жиҳодий гуруҳларга қўшилишларининг олдини олиш учун муайян ҳудудларга сафар қилишларини чегаралаган. Шунингдек, халқаро қўналғаларда бометрик текшириш ускуналари ва терроризмга қарши қўшимча чоралар киритмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002.