Оз қолди: Шотландия мустақил бўлиши мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Шотландия Буюк Британиядан мустақил бўлиш масаласини референдумга қўйишига саккиз кун қолар экан, Буюк Британия раҳбарлари шотландияликларни мустақилликка "йўқ" деб жавоб беришга ундаш учун Шотландияга йўл олганлар.

Бош Вазир Девид Камерон, Бош вазир муовини Ник Клег ва мухолифатдаги Лейбористлар раҳбари Эд Милибанд Шотландияда овоз берувчилар билан учрашиш учун қатор шаҳар ва туманларга ташриф буюрадилар.

Мустақиллик учун курашаётган Шотландия Биринчи вазири Алекс Салмонд "халқ ишончини йўқотган" уч раҳбарнинг ташрифи, аксинча, шотландларнинг мустақиллик истагини оширишини айтди.

У 18 сентябрь куни бўлиб ўтадиган референдум олдидан Бош Вазир Камеронни у билан жонли телевизион дебатда баҳслашишга ундади. Бош Вазир Камерон бу каби дебатда иштирок этишдан бош тортиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Ҳа" овозлар ошиб борар экан, Алекс Салмонд мустақилликка оз қолганига ишонади

Айни дамда жаноб Камерон "Дейли мейл" газетасида чоп қилинган мақоласида шотландларни Буюк Британия таркибида қолишга ўтиниб сўраган.

Унинг ёзишича, Шотландия Буюк Британия таркибида қолса, нафақат порлоқ келажакка эга бўлади, балки янги муҳим ваколатларни қўлга киритади.

"Буюк Британия - бебаҳо ва беқиёс мамлакат. Мана шу қадриятлар савол остига олинмоқда. Шотландияда ҳеч ким шубҳа қилмасин: биз бутун вужудимиз билан сизнинг биз билан қолишингизни истаймиз, биз бу миллатлар оиласи бўлиб ташланишини истаймаймиз", - деб ёзди Камерон.

Британия матбуоти Лондондаги раҳбарият референдумга бир ҳафтача вақт қолганда таҳликага тушиб қолгани ҳақида ёзмоқда.

Ҳафта бошида эълон қилинган оммавий фикр сўров натижаларига кўра, ҳозирга келиб Шотландиянинг мустақиллиги борасида "ҳа" ва "йўқ" деб овоз берувчилар сони тенглашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сўровлар "ҳа" ва "йўқ" овозлари тенглашганини кўрсатиши ортидан Камерон хавотирга тушган

Шотландия 1707 йил 1 майда Англия билан сиёсий иттифоққа кириши ортидан Буюк Британия Қироллиги барпо этилган.

Буюк Британия сўнгра 1801 йил 1 январияда Ирландия билан сиёсий иттифоқ тузиши ортидан Буюк Британия ва Ирландия Қироллиги юзага келган.

Шотландиянинг ҳуқуқий тизими ҳар доим Англия, Уэлс ва Шимолий Ирландияникидан айри бўлиб келган. Ҳуқуқ, таълим ва дин соҳаларидаги фарқлар туфайли Шотландияда кучли миллий ўзлик ҳисси шаклланиб келган.

1999 йилда иш бошлаган Шотландия парламенти мамлакат ички ва ташқи сиёсатидаги кўп масалалар бўйича қарор чиқариш ваколатига эга.

Your contact details
Disclaimer