Украина президенти исёнчиларга кўпроқ автономия таклиф қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина президенти мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш учун шарқдаги исёнчиларга кўпроқ автономия беришини айтган.

Петро Порошенкога кўра, амалдаги оташкесим (ҳарбий амалиётларнинг тўхтатилиши) мамлакат шарқидаги вазиятни кескин ўзгартирган.

Донецкдаги исёнчиларнинг раҳбарларидан бири эса Порошенконинг сўзларини менсимай, улар Украинадан ажралиб чиқиш ва мустақил бўлишни режалаётганларини айтди.

Ҳарбий тўқнашувлар ўтган ҳафта Беларусда бўлиб ўтган музокаралар ортидан тўхтатилган.

Апрелда Россияпараст исёнчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанг бошланганидан бери 2600дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Кремль сўзчисига кўра, Порошенко ва Россия Президенти Владимир Путин сешанба куни телефон орқали суҳбатлашганлар ва оташкесим амалда қолаётганидан мамнуният изҳор қилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Телевидение орқали намойиш қилинган вазирлар маҳкамасидаги чиқишида Украина президенти можарога узоқ муддатли ечим топишга уринаётгани ва бўлгинчиларга кўпроқ ваколатлар берадиган қонун лойиҳасини парламентга топширганини айтди.

Бироқ, унга кўра, бу автоном ҳудудлар барибир Украина таркибида қолиши керак бўлади.

"Украина ўз ҳудудий яхлитлиги масаласида ёнбосишларга бормайди", - деди у.

Аммо, ўзини Донецк Халқ Республикаси дея эълон қилган ҳудуд бош вазирининг муовини Андрей Пургин исёнчилар Украинанинг бир қисми бўлиб қолишни ҳисобга олмаётганларини айтди.

Аввалроқ исёнчилар Донецк вилоятидаги Комсомольск шаҳрини босиб олганларини айтганлар ва шаҳар ҳокимияти биноси узра ўз байроқлари ўрнатилгани акс этган видеони интернетга жойлаганлар.

Айни дамда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 17 июлда Малайзиянинг MH17 учоғи қулашига Украина тўла жавобгар эканини айтган. Унинг айтишича, ҳодиса Украина ҳаво ҳудудида юз бергани учун Украина жавобгардир.

Your contact details
Disclaimer