Кашмир: тошқиндан жабрланганлар кўмак сустлигидан ғазабдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Муссон ёмғирларидан кейинги тошқинлардан жабр кўрган Ҳиндистон назоратидаги Кашмир аҳолиси ҳукуматнинг қутқариш ва кўмаклари секинлигидан ғазабланмоқдалар.

Одатда муссон ёмғирлари ёз мавсумида кузатилади, бироқ сентябр ойидаги ёғингарчилик Покистон шимоли ва Ҳиндистоннинг назорати остида бўлган Кашмирда улкан ҳудудларда тошқинларга сабаб бўлган.

Икки мамлакат расмийлари маълумотларига кўра, сув тошқинлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони 500 га яқинлашган.

Кашмирликлар ҳукумат ҳаддан зиёд секин амал қилаяпти, дея ғазаблари ошиб бормоқда.

Одамлар ҳукуматни етарли ахборот бермаганлик ва сув тошқинига учраган жойлардаги инсонларни хавфсиз жойга кўчириш учун кам қайиқ ва кема ажратишда айблаганлар.

Қутқарув ва кўмак ишларига жалб қилинган аскарларни ғазабланган оломон тошбўронга тутгани ҳақида хабарлар бор.

Шундан кейин қутқарувчилар ўзларига қуролли қўриқчилар берилишини сўраганлар.

Кашмир пойтахти Шринагардаги кўплаб бинолар ва шифохоналарга одамлар жойлаштирилган, бироқ алоқа узилгани боис кўпчилик қариндошларининг аҳволини билмайдилар.

Ўзларининг яшаб турган жойларидан кўчирилганлар ҳам ўзларига расмийлар ёрдам бермаётганларини айтганлар.

Кашмир расмийларига кўра, ҳар-ҳар жойларда "қамалиб қолган" инсонлар сони 400 мингни ташкил қилади.

Шринагар аэропорти ҳам сув остида қолган.

Охирги бир неча кунда ёмғир пасайганига қарамасдан, Шринагарнинг сайёҳлар орасида машҳур Дал кўлида сув сатҳи яна кўтарилмоқда.

Покистоннинг ҳам Ченаб дарёси кўтарилиб Мўлтон шаҳрини сув босиши таҳдиди юзага келган.

Дарёдаги тўғонни портлатиб, стратегик кўприкларни асраб қолиш кўзланган.

Бунгача Пунжоб вилоятида бир неча дамбани портлатишга тўғри келган, шу йўл билан янада кўп қишлоқларни сув босиши олдини олишга қарор қилинган.

Покистон расмийлари сув тошқинлари боис уй-жойини ташлаб қочган инсонлар сони 700 мингдан ортиқ демоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ