'Исломий Давлат' жангарилари сони аниқ бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка Жосуслик Хизматининг янги ҳисоб-китобларига таянилса, бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ Ироқ ва Сурияда жаъми 31.000 жангарисига эга.

Бу эса, аввал хаёл қилинганидан уч баробарига кўп деганидир.

Янги рақамлар Америка Жосуслик Хизматининг ўтган тўрт ой ичида қўлга киритган маълумотларига асосланади.

"Исломий Давлат" ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги катта ҳудудларни босиб олган.

Яқинда ўз назорати остидаги минтақаларда исломий халифат эълон қилган.

Қатор ғарблик журналист ва ёрдам ходимларини асирга олган.

АҚШ ҳаво ҳужумларига жавобан, икки америкалик журналистнинг бошини танасидан жудо қилган.

Ироқдаги сунний бўлмаган мусулмонлар ва бошқа дин вакилларини қатағон қилишни бошлаган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри гуруҳга қарши курашда бизга қўшилинг деб, кеча пайшанба куни Яқин Шарқ давлатларига сафарини бошлаган.

Дастлабки тахминлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, матбуот воизининг сўзларига таянилса, АҚШ Жосуслик Хизмати "Исломий Давлат" гуруҳи жангариларининг сонини дастлаб 10.000 га яқин, деб тахмин қилган.

Матбуот воизига кўра, янги рақамлар гуруҳ аъзолари сони кескин ортгани, улар катта муваффақиятларга эришиб, ўз халифаликларини эълон қилган июн ойидан буён кўплаб янги жангариларни ёллашга муваффақ бўлишганини кўрсатади.

Янги маълумотлар АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатининг "Исломий Давлат"ни яксон этишга қаратилган ҳарбий режасини очиқлаши ортидан ўртага чиқмоқда.

Президент Обама янги режаси доирасида илк бор Сурияда ҳам ҳаво ҳужумлари уюштиришга рухсат берган.

"Исломий Давлат" ўтган яқин ойлар ичида таянч нуқтаси бўлган шарқий Сурия қолиб, Ироқдаги кўплаб шаҳарлар, ҳарбий базалар ва қурол-яроғ омборларини қўлга киритган.

АҚШ аллақачон гуруҳнинг Ироқдаги мавқеъларига қарши 150 дан ортиқ ҳаво ҳужуми уюштирган.

Ироқ ҳукумати ва Курд кучларига кўмак беришлари учун юзлаб ҳарбий маслаҳатчиларини ҳам юборган.

Янги Бош қўмондон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сўнгги хабарларга кўра, "Исломий Давлат"га қарши халқаро ҳарбий амалиётларга АҚШ Денгиз пиёда қўшинларининг истеъфодаги генерали Жон Аллен бошчилик қилади.

Генерал Аллен ҳарбий амалиётларнинг молиявий ва моддий-техник таъминоти билан шуғулланади.

Шахсий таркибни тайёрлайди ва коалиция аъзоларидан кимнинг қанча қурол-яроғ етказиб беришини белгилайди.

АҚШ генерали бу масалада катта тажрибага эга: У бундан аввал Ироқ ва Афғонистонда худди шу иш билан шуғулланган.

2006 йилда Ироқдаги "Ал-Қоида" тармоғига қарши ҳарбий амалиётларни уюштиришга бош-қош бўлган.

Бугунга келиб, Саудия Арабистони дохил 10 араб давлати "Исломий Давлат"га қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишган.

Ҳозир Туркияда бўлган АҚШ Давлат котиби Жон Керри энди расмий Анқаранинг ҳам бу хусусдаги дастагини қўлга киритмоқчи.

Сўнгги хабарларга кўра, Туркия Натога аъзо давлат сифтида ҳамкорликка оид ҳужжатга имзо чекишдан бўйин тортган.

Таҳлилчиларга кўра, бунга "Исломий Давлат" гуруҳи элликка яқин турк фуқаросини асирда ушлаб тургани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Тутқундаги Туркия фуқаролари орасида дипломатларнинг ҳам борлиги айтилади.

Аммо АҚШ Давлат котиби кўпроқ ҳамкорлик илинжида энди бу хусусда Туркия ҳукуматига мурожаат қилмоқчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ