Шотландиядаги референдум нима учун Хитойни хавотирга солади?

Хитойнинг Буюк девори инсонни ҳайратга соладиган иншоот.

Хитой императорлари бу деворни шимолдаги қўшнилар тажовузидан сақланиш учун қуришганди.

Биз у ерга борган кунимиз шотланд сурнайи садоси эшитилиб турарди.

Шотланд сурнайини бу ерда бир неча мусиқачи ўйнайди. Улардан бири 31 ёшли Жорж Тиан. У Шотландияда ҳеч қачон бўлмаган, лекин қизиқиши кучли.

Аммо сиёсат ҳақида сўрашингиз билан, жимиб қолади.

Эгнида шотланд миллий кийими , қўлида шотланд сурнайи бўлишига қарамай Шотландия мустақиллиги масаласи ҳақида умуман гапиришни истамайди.

"Мен шотландиялик эмасман, ҳатто британиялик ҳам эмасман. Бу масала шотландия халқига ҳавола, мен уларнинг иродасини ҳурмат қиламан" дейди у.

Жоржнинг шахсий қараши Хитой расмий доираларининг бошқа давлатлдарнинг "ички ишларига аралашмаслик" сиёсатининг аксидек.

Лекин Хитойнинг жаҳонда таъсири ўсиб борар экан, бу сиёсатга риоя қилиш тобора мушкуллашиб бормоқда.

"Иккинчи даражали" давлат...

Бу йил бошларида Хитой Бош вазири Ли Кечианг Британияга сафар билан келган вақти ундан Шотландия мустақллиги борасида савол сўралганди.

Жаноб Ли, "бирлашган Буюк Британияни кўришни исташи, мамлакат жаҳондаги ўсиш ва ривожланишнинг пешқадами бўлиб қолишига умид қилиши"ни айтди.

Унинг жавоби кутилмаган эмасди. Бу изҳорот Пекиннинг ҳар қандай мустақиликка интилиш ҳаракатлари жаҳоннинг нариги бурчида бўлса ҳам мамлакатдаги баъзи миллий озчиликларнинг ҳис-туйғуларини урчитиб юбориши ммукинлиги борасидаги хавотирини акс эттиради.

Шотландия халқига ўз келажаклари учун овоз бериш имкони яратилаётган экан, Хитойнинг ўзида ҳар қандай бўлгинчилик ҳақидаги фикрлар сотқинлик билан баробардир ва қамоқ жазоси билан жазоланди.

Шинжонда Пекин "уйғур бўлгинчилдари"га қарши кампания бошлаган. Тибетликлар Хитой тазйиқларидан анчадан бери шикоят қилиб келадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тайванда эса агар мустақиллик эълон қилинса Пекин ҳарбий куч ишлатиш ҳуқуқига эга эканлигини айтиб келган.

"Ўтмишда Хитой қачонки бирлашган бўлса муваффақиятли бўлиб келган. Иқтисод ривожланган, аҳоли ҳаёти яхшиланган. Мамлакат парчаланган ёки ташқи тажовуз остида бўлган вақти энг аввало оддий халқ жабр кўрган", дейди сиёсий таҳлилчи Виктор Гао.

Шунинг учун Виктор Гаонинг фикрича, Лондон Шотландияга мустақиллик имконини бераётганини тасаввур қилиш қийин.

Давлат назорати отсида бўлган Global Times да ўтган ҳафта чоп этилган мақолада айтилишича, "агарда Шотландия мустақиллик учун овоз берса, Буюк Британия биринчи даражали мамлакатдан иккинчи даражали мамлакатлар сирасига тушиб қолади".

Рўзномага кўра, Шотландия мустақиллиги Оврўподаги кучлар мувозанатини бузиб, умумжаҳон сиёсий саҳнасига ҳам таъсир қилади.

Истеҳзоли ери шуки, Шотландия вазирлар маҳкамаси раҳбари ва мустақиллик тарафдори Алекс Салмонд Хитой мустақил Шотландия учун асосий иқтисодий ҳамкорлардан бири бўлишини айтган.

Эдинбургдаги виски фестивалида Хитойда Шотландияда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга "чанқоқлик" борлиги аён бўлади.

Image caption Эдинбургда 2011 йили Хитой Бош вазири ва Шотландия вазирлар маҳкамаси раҳбари виски баҳам кўришганди.

Шотланд вискиси дохил Хитойга Шотландия экспорти ҳажми ўтган йилда 1 ярим миллиард доллардан кўпроқ эди.

Эдинбургдаги виски фестивали ташкилотчиларидан бири Стивен Нотман Шотландиянинг Хитойга экспорти келажаги ёрқин эканлигига ишонади. Лекин бунга сиёсатни аралаштириш истаги йўқ.

"Хитойликлар ҳамиша бизга самимий қизиқиш билан қарашган. Бундан буёғига ҳам нима бўлишини билишни исташмоқда. Лекин бу нозик масала ва биз гаплашишни истамаган мавзулар борасида кўплба саволларни келтириб чиқариши мумкин", дейди у.

Хитойда ҳар қандай сиёсий масала нозик. Ҳатто минглаб чақирим нарида бўлган миллатнинг келажаги масаласи ҳам нозик.

Шотландия мусиқа асбоблари садосидан маст бўлсалар ҳам, Шотландия мустақиллиги масаласини четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ