Донецк аэропорти яна ўққа тутилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина шарқидаги Луганск вилоятининг Попасная пункти ва Донецк аэропортининг яқинида якшанбага ўтар кечаси украин қўшинлари мавқелари ўққа тутилган.

Украина армияси хабарига кўра, Донецк аэропортини жангарилар оғир қуроллар, миномётлар ва "Град" қуроли билан ўққа тутишди.

Ўз навбатида бўлгинчилар Украина тарафини оташкесимни бузганликда ва отишмани бошлаганликда айблашаяпти.

Украина ҳарбийлари фақат мудофаа тарзида ўзларига отилган ўққа жавобан ўт очишларини айтишади.

Оғир артиллерия ўқлари шанба куни ҳам Донецк туманларида эшитилган.

Июнь ойидан бери украин қўшинлари жойлашиб олган Донецк аэропорти аввал ҳам бир неча бор ўққа тутилган, бироқ бу сафар ҳужум анча шиддатли кўринади.

Маҳаллий аҳоли аэрпортга қарата отилган "Град" ўқлари Яковлевка қишлоғи ва Киров кўмир кони томонидан келаётганини айтишмоқда.

"Аэропортдан вокзалгача ҳавога тутун бурқсиб чиқаяпти", - деб ёзади бир донецклик ижтимоий мулоқот сайтларида.

Бўлгинчилар вакиллари жума куни олтита украин учоғини қўлга олганларини хабар қилганлар.

Бироқ, Украина аксилтеррор амалиёти бу даъвони кескин рад этди ва уни "сафсата" дея қоралади.

Your contact details
Disclaimer