Сунний араблар ҳам Исломий Давлатга қарши иттифоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исломий Давлат ҳатто сунний бўлмаган мусулмонларни ҳам кофир санайди

Париждаги учрашув ниҳоясида ўттиз давлат "ҳар қандай воситани ишга солиб бўлса-да" Исломий Давлатга қарши курашишга келишдилар.

Бу жангарилар Ироқ ва Сурияда фаолият олиб боришади. Ҳозирда амалий ҳарбий ёрдам Ироққа берилади.

Францияга келган АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам бу борада Вашингтон керакли кўмакни аямаслигини билдирди.

Шанба куни британиялик тутқуннинг бошини танасидан жудо қилган Исломий Давлат жангариларига қарши халқаро муносабат яна қатъийлашди.

АҚШ жосуслик хизматларига кўра, Исломий Давлат сафида ҳозир 30 мингдан жангари бўлиши мумкин.

Ироқ президенти Фуад Маъсум халқаро ҳамжамиятдан бу мужоҳидларни зудлик билан тор-мор этишни сўраган.

"Акс ҳолда Исломий Давлат каттароқ ҳудудларни эгаллайди ва улардан келадиган хавф-хатар янада кучаяди" - деган Президент Маъсум.

Франция Ироқ устидан назорат-кузатув парвозлари ташкил этмоқда. Британия эса олдинроқ ўз учоқлари Ироқ устидан учиб, зарурий жосуслик маълумотларини йиғаётганини айтганди.

Араблар ва Исломий Давлат

Image caption Исломий Давлат ёрдам идорасида ишловчи Девид Ҳейнсни ҳам қатл этди

Туркия ўз ҳудудидаги НАТО базасидан Исломий Давлатга қарши ҳарбий ҳужумлар учун фойдаланишга рухсат бермади. Анқара Туркия тупроғидан фақат инсонпарварлик ва нақлиёт мақсадида фойдаланиш мумкинлигини айтди.

Аммо қатор араб давлатлари Ироқдаги Исломий Давлатга қарши ҳаво ҳужумларида иштирок этиш истагини билдирдилар.

АҚШ вакиллари бу каби таклифлардан "жуда руҳланиб кетишганини" айтишмоқда.

Вашингтонга кўра, Исломий Давлатга қарши ҳозирги иттифоқни муваффақият, деб аташ мумкин. Чунки минтақадаги сунний араб мамлакатлари ҳам Исломий Давлат жангариларига қарши курашга қўшилишларини билдиришган.

Айни иттифоққа 10 араб давлати - Миср, Ироқ, Иордания, Ливан, Баҳрайн, Қувайт, Оман, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари қўшилдилар.

Аммо Сурия ва Эроннинг ушбу иттифоқ таркибига қўшилишига рухсат берилмади.

Ўтган август ойидан бери АҚШ қирувчи учоқлари Ироқдаги Исломий Давлат мавқеларига қарши камида 160 маротаба ҳаводан ҳужум қилишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ