Қрим ва Шотландия референдумлари ўхшашми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Шотландиянинг биринчи вазири Алекс Салмонд мустақиллик илҳомчиси ва ташаббускори ҳисобланади

18 сентябр куни Буюк Британия таркибига кирувчи Шотландия аҳолиси мустақиллик борасидаги умумхалқ референдумида овоз беради.

300 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Британия таркибида бўлган ҳудуд келажаги борасидаги референдум арафасида омма сўровлари мустақиллик тарафдорлари ва қаршилар сони деярли тенг эканини кўрсатмоқда.

Айни вақтда жаҳон бўйлаб бўлгинчилик ҳаракатлари мавжуд давлатлар ҳам бу референдумни яқиндан куатишяпти.

Яқиндагина Украина таркибидан ажраб чиқиб, Россияга қўшилган Қрим раҳбари Сергей Аксеновнинг айтишича, агар Оврўпо Шотландия референдуми натижаларини тан олса, худди шу тарзда Қримдаги референдум натижаларини ҳам тан олиши керак бўлади.

Шу вақгача Оврўпо Иттифоқи Қримда шу йил мартида ўтказилган референдумни тан олмаган ва Қримни Россия томонидан аннексия қилинган, деб ҳисоблайди.

Хўш, жаноб Аксеновнинг сўзларида жон борми?

Шотландиядаги референдум Қримдаги референдумдан нимаси билан фарқ қилади?

Ушбу саволларга Би-Би-Си рус хизмати муҳаррири Фамил Исмаилов жавоб беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жаноб Аксеновга кўра, Оврўпо Шотландияни тан олса, Қримни ҳам тан олиши керак

Фамил Исмаилов: Бу икки вазият бир-бирига умуман ўхшамайди. Бу ерда жаноб Аксенов ўзи кўришни хоҳлаган нарсани воқеълик сифатида тақдим қилмоқда шекилли. Биринчидан, Шотландиядаги референдум мутлақо қонун доирасида ўтказилмоқда. Бу каби реферндум ўтказилиши учун қонунда талаб қилинган ҳамма шартлар бажариляпти. Британия парламенти референдумни ўтказишни тасдиқлаган. Референдум ошкор ва демократик фазода, очиқ баҳслар ўтказилиши, ҳамма томонларга ўз фикрларини изҳор этиш учун имкон яратилган, ҳарбий кучлар ҳозир бўлмаган, ҳеч бир томонга босим ё-да тазйиқ бўлмаган вазиятда ўтказилмоқда. Буларнинг биронтаси Қримдаги референдумда йўқ эди. Қримда референдум хорижий кучлар иштироки ва босими остида ўтказилди. Шунинг учун Шотландиядаги референдум билан Қрим референдумини таққослаш бу Ердаги ҳаёт билан Миррихдаги ҳаётни таққослашга ўхшаб кетади.

Би-би-си: Россиянинг ўзида жаноб Аксеновнинг фикрига ўхшаш фикрлар не қадар кенг тарқалган?

Фамил Исмаилов: Россиядаги омма орасида Қрим Россия бағрига қайтди, деган фикр жуда кенг тарқалган. Шунинг учун баъзи зиёлилар, журналистлар ва мустақил таҳлилчилар аслида Қримнинг аннексияси рўй берганлигини англаслар ҳам, уларнинг сони жуда кам. "Қримда халқ бунинг учун овоз берди" ва шунга ўхшаш бошқа расмий изҳоротларни аҳолининг аксар қисми ишонч билан қабул қилган. Россиядаги омма фикри "Қрим Россиянинг ажралмас қисми ва ҳозирда Россия бағрига қайтди, деб ҳисоблайди. Россияда бу борада олиб борилаётган кенг миқёсли тарғибот манзарасида бу масалалар юзасидан очиқ ва ошкор баҳсларнинг ўтказилишига имкон қолмаяпти. Расмий нуқтаи назарга қарши чиққанлар эса тазйиққа учрамоқдалар.

Би-би-си: Лекин ҳозирда ўзгача фикрни изҳор этиш имкониятлари нисбатан кўпроқ эканлиги назарда тутилса, масалан, ижтимоий тармоқлар орқали, расмий нуқтаи назардан фарқ қиладиган фикрни айтувчилар кичик гуруҳ бўлса ҳам борми?

Фамил Исмаилов: Албатта бор. Лекин уларнинг овозини эшитиш деярли имконсиз. Ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали бу борада изҳор этилган фикрлар ҳам оммавий "троллинг"га учрамоқда. Троллинг Россияда сиёсий тазйиқнинг кенг қўлланадиган усулига айланган. Қаердадир ижтимоий тармоқда Россия ҳукумати ёки давлатига нисбатан танқидий мулоҳаза янграши биланоқ, матбуотда айтилаётганидек, аввалдан тўланган одамлар томонидан атайлаб уюштирилаётган оммавий сўз ҳужумига учрашмоқда. Улар ҳукумат мавқеъини қабул қилмаган одамларни ҳақорат қилиш ва камситиш учун ижтимоий тармоқларни ҳам ишга солмоқдалар. Шунинг учун бу каби баҳслар кўпда ўзаро ҳақоратли айтишувларга айланиб кетмоқда. Бундан ташқари, Россия жамоатчилиги орасида Шотландиядаги референдум қандай ўтказилаётгани ҳақида муфассал маълумот йўқ. Украина қонунларига мувофи, мамлакат унитар давлат бўлгани учун Қримнинг келажаги борасидаги референдум бутун мамлакат миқёсида ўтказилиши керак эди. Шотландия эса, Бирлашган Қиролликнинг таркибий қисмидир ва ўз тақдирини ўзи ҳал қилмоқда. Россияда эса омма Шотландия тақдири Лондонда ҳал қилинади, деб ўйлайди. Россияда сайловда кимнинг қандай овоз бериши эмас, балки овозларни ким санаши муҳим, деган фикри кенг тарқалган. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда айтилаётган фикрларнинг ҳам аксари Шотландиядаги референдумнинг ошкоралиги борасида шубҳаларга тўла. Уларнинг фикрича, фақатгина Лондон хоҳласагина Шотландия мустақил бўлиб чиқиши мумкин.

Би-би-си: Сиёсий доираларда-чи, расмийлар Шотландия референдуми масаласини тилга олишяптими?

Фамил Исмаилов: Умуман олганда, сиёсий доираларда ҳам Шотландия референдумига қизиқиш катта. Мен бирон шахснинг сўзларини келтира олмайман, чунки тўғридан-тўғри, очиқчасига бирон киши бу ҳақда ҳозирча гапиргани йўқ. Лекин ўзаро баҳсларда бу масала кўтарилаётгани маълум. Агарда Шотландия мустақиллик учун овоз берса, бу демократик йўлда икки давлатнинг ажрашиши намунаси бўлиши мумкин. Лекин Шотландия мустақиликка қарши овоз берса, тахмин қилишимиз мумкинки, Россияда кўплар "мана, ваъдаларни беришди, лекин устида туришмади" деган истеҳзоли гапларни айтиши тайин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ