Украина: бўлгинчи минтақаларга ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рада россияпараст исёнчиларга амнистия ҳам таклиф этди

Украина парламенти бўлгинчи шарқий минтақаларга вақтинчалик ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилди.

Қонундан мақсад ушбу минтақалардаги исёнчиликка барҳам беришдир.

Рада депутатлари шунингдек, Президент Порошенконинг ўзини "Донбасс Халқ Республикалари" деб атаган тузилмалар тарафдорларига амнистия қўллаш ҳақидаги таклифини ҳам маъқуллашган.

Унга мувофиқ, исёнчилар бир ой ичида ҳеч кимни гаровда ушлаб турмаган ёки озод этганлари, ўқотар қуроллар, ҳарбий техника ва портловчи моддаларни давлатга ихтиёрий равишда топширганлари ва давлат ҳамда ўз-ўзини бошқариш идораларини эгаллаб турмаганлари тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этиладилар.

Қонунда айтилишича, шу йилнинг 17 июлида Донецк вилоятида "Малайзия ҳаво йўллари"га қарашли МН17 учоғининг уриб туширилишига алоқадор ва авиаҳалокат юзасидан текширувга тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан авф қўланилмайди.

'Мустақиллик эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аввалроқ Президент Порошенко украин парламентидан Донбасс минтақасининг махсус мақоми ҳақидаги қонунни қўллаб-қувватлашни сўраган.

Унга кўра, бу 5 сентябр куни Минскда эришилган Украина шарқидаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш учун муҳим.

Жаноб Порошенко Минскда битимида "ҳеч қандай ажралиб чиқиш" ҳақида сўз бормаслигини таъкидлаган.

"Ҳужжат бутун Донбасс ҳудуди, жумладан, ҳозирда жангарилар вақтинчалик назорат қилаётган ҳудудда ҳам Украина суверенитетининг қайта тикланиши ва сақланишини назарда тутади. Бу ҳудуд Украинанинг ҳуқуқий майдонига қайтади", - деб айтган Президент Порошенко.

Айни пайтда исёнчилар раҳбарларидан Андрей Пургин Киев билан музокараларда "мустақиллик мавқейи"дан келиб чиқишларини айтган.

"Украина томонидан қандайдир қонунларни қабул қилиш Украинанинг ички иши ва ДХР га ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз мустақил давлатмиз ва Украина билан яхши қўшничилик алоқаларига умид қиламиз", дея Пургиннинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости агентлиги.

'Тарихий кун'

Айни пайтда Оврўпо парламенти Украина билан ассоциация битимини маъқуллаган.

Битим икки томон ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Президент Порошенко битимнинг имзоланишини "тарихий кун" деб атаган.

Аммо битимнинг эркин савдо ҳақидаги банди декабр ойигача тадбиқ этилмайди.

Бу Оврўпо Иттифоқининг Россияга сезиларли ён бериши дея талқин этилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ