Ходорковский Россия президенти бўлиш иштиёқини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия президентининг энг асосий рақиби деб кўрилувчи Михаил Ходорковсий қамоқдан чиққанидан бери илк марта ўзининг президент бўлиш иштиёқи борасида гапирган. Бу ҳақида Франциянинг Le Monde газетаси ёзиб чиқди.

Парижда бўлиб ўтган Le Monde нашрининг 70 йиллик тантаналарида оммавий тарзда саволларга жавоб берган "ЮКОС"нинг собиқ раҳбари инқирозни бартараф этиш учун "зарур бўлса", Россиянинг янги президенти бўлишга тайёр эканини билдирди.

Авваллари Ходорковский ҳеч қандай сиёсий амбициялари йўқлиги, барча қилаётган ишлари жамоатчилик фаолияти эканини айтиб келарди.

Бу сафар ҳам жаноб Ходорковский ўз президентлик амбициялари ҳақида Россия жамиятининг манфаати каби кенгроқ контекстда сўзлашга уринди.

"Агар Россия нормал йўлда ривожланаётган бўлганда эди, мен президентлик лавозимига қизиқмаган бўлардим", - деди у. Унинг айтишича, Россияда президентлик ваколатларини маҳкамалар, парламент ва фуқаролик жамиятига бўлиб бериш керак.

"Агар бу инқирозни енгиб ўтиш ва конституцион ислоҳотларни ўтказиш учун зарур бўлса, мен президент бўлишга тайёрман", - деди 51 ёшли Ходорковский.

Унинг илк марта очиқ тарзда бу иштиёқи ҳақида гапираётгани Ходорковскийни қўллаб-қувватловчи кўплаб тарафдорлари кутган баёнот эди.

Айни дамда Президент Путиннинг матбуот воизи Дмитрий Песков "Коммерсант ФМ" радиостанцияси эфирида гапира туриб, Ходорковскийнинг баёнотига муносабат билдиришга ҳожат йўқлигини айтди.

Давлат Думасининг депутати Николай Валуев эса ўз Твиттер саҳифасида қуйидагича муносабат билдирди: "Мана бу жиддий янгилик. Рақибларни ЮКОСнинг эскича усулларини қўллаб йўқ қилишадими?"

1990-йиллар охири ва 2000-йилларда Ходорковский Россиянинг энг бадавлат тадбиркори бўлган, бироқ Кремлни норози қилиши ортидан қаллоблик ва солиқдан бўйин товлашда айбланиб 10 йилга қамалган.

У ўтган йил декабрида Путин томонидан авф этилди ва бугунда Швейцарияда яшайди.

Your contact details
Disclaimer