Россия: Урушга қарши юришда ўн минглаб одамлар қатнашди

Москвада пойтахт ҳокимияти билан келишилган ҳолда "Тинчлик марши" бўлиб ўтди. Унда, турли хабарларга кўра, 5 мингдан то 50 минггача одам иштирок этган.

Норозилик юришини уюштирган мухолифат билдиришича, мазкур тадбир Украинадаги уруш ва "Россиянинг тажовузли ташқи сиёсати"га қарши қаратилган.

Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўхшаш намойишлар бўлиб ўтгани туфайли бу тадбир "Умумроссия тинчлик марши" дея тақдим қилинди.

Санкт-Петербургда фаоллар Қозон бош черкови қаршисида йиғилганлар, бироқ Новосибирскдаги намойиш тарқатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Пойтахтда Пушкин майдонидан Сахаров проспектигача юриш бўлиб ўтган. Аризада 50 минггача иштирокчи юришда қатнашиши айтилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бошқармаси билдиришича, марш бошланган вақтида иштирокчиларнинг сони 5 минг одамга яқин бўлган.

"Лекин, улар орасида мухолифат тарафдорлари билан бирга Донецк Халқ Республикаси (ДХР) ва Луганск Халқ Республикаси (ЛХР) тарафдорлари ҳам бор", - дейилади вазирлик сайтида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

"Яблоко" партияси раҳбари Сергей Митрохиннинг айтишича, иштирокчилар сони 50 мингга яқин бўлган. РПР-ПАРНАС блогининг раисларидан бири Борис Немцов эса Твиттердаги саҳифасида 100 минг одам йиғилгани ҳақида ёзган.

Москвадаги Пушкин майдонида ўзини ДХР ва ЛХР деб эълон қилган ҳудудлар байроқларини кўтариб олган 20 нафарча йигитлар намойишчиларга қўшилишга уринганлар.

Бу йигитлар "Тинчлик марши - қотиллар тарафдорлари юриши", "Донбасс, кечир" каби шиорларни кўтариб олганлар. Полиция уларни намойишчилар сафига қўшилишларига изн бермаган.

Интерфакс хабарига кўра, марш давомида жиддий ҳодисалар рўй бермади. Москва марказида мазкур тадбир туфайли хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Your contact details
Disclaimer