Курдлар ғалаёни ортидан Туркия чегарани ёпиб қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Икки кун давомида 130 минг курд қочқинлари Суриядан Туркияга қочиб ўтиши ортидан Туркия ўзининг баъзи чегараларини ёпиб қўйган.

Якшанба куни турк хавфсизлик кучлари қочқинларни қўллаб-қувватлаб норозилик намойишига чиққан курдлар билан тўқнашди.

Баъзи намойишчилар хавфсизлик кучларига тош отганлар, аскарлар эса кўзни ёшлантирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллашган. Жиддий жароҳат ҳақида хабар йўқ.

Хабарларга кўра, баъзи намойишчилар Исломий Давлатга қарши жанг қилиш учун Сурияга ўтишга уринган бўлганлар.

Туркиядан мустақиллик учун ўн йиллаб курашиб келган ва ман этилган Курдистон Ишчилар Партияси (ПКК) жангари гуруҳи курдларни Сурияда ИДга қарши жанг қилишга ундаган.

Қочқинларнинг кўпчилиги жангарилар таҳдиди остида қолаётган Кобане шаҳридандир.

ИД ўтган бир неча ой ичида Ироқ ва Суриядаги кўп ҳудудларни эгаллаб олган.

Охирги оқимдан аввал ҳам Туркияда бир миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар бор эди. Улар уч йил аввал Сурия Президенти Башар ал-Ассадга қарши ғалаён бошланганда Туркияга қочиб ўтганлар.

Янги қочқинларга мезбонлик қилишга қийналаётган Туркия уларнинг баъзиларини одамлар билан тўлиб кетган мактабларга жойлаштираяпти.

Жума куни Туркия Айн ал-Араб номи билан танилган Кобане шаҳридан қочаётган сурияликлар учун чегаранинг 30 чақиримлик қисмини очганди.

Бироқ, БМТга кўра, душанба куни тўққизта ўтиш нуқтасидан фақат иккитаси очиқ қолмоқда.

Your contact details
Disclaimer