‘Санкцияларга дизайнерона жавоб’

Бугун худди шу ном остида Россия пойтахти Москвада икки маҳаллий дизайнер ташаббуси билан ўзига хос ватанпарварлик акцияси бошланди.

Акция бутун Москва бўйлаб 6 октябрга қадар давом этади ва бу вақт ичида шаҳар аҳолисига ватанпарварлик рамзи туширилган 30.000 дан ортиқ футболка тарқатилади.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, келаси икки ҳафта давомида истаган киши ўзининг хорижда ишлаб чиқарилган эски футболкасини ватанпарварлик рамзи туширилган янгисига бемалол алмаштириб олади.

Ҳатто, дизайнер футболка бўлса ҳам, бунинг учун бир тийин ҳақ тўламайди.

Одамларга қулайлик яратиш учун Москвада махсус “ватанпарвар йўналиши” ташкил қилинади.

Бу йўналиш бўйича ҳафтанинг муайян кунлари собиқ Шўролар даврида ишлаб чиқарилган "ПАЗик" русумидаги автобус қатнови йўлга қўйилади.

Унинг айнан қаерлардан ўтиши ва акцияларнинг айнан қаерда уюштирилишига оид харита эса, шу муносабат билан махсус ташкил этилган веб саҳифадан ташқари, барча ижтимоий мулоқот тармоқларида #модныесанкции хэштеги билан эълон қилинади.

Янги лойиҳа ташаббускорлари маҳаллий дизайнер Анастасия Задорина ва жамоат фаоли Ксения Мельниковадир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Икковлоннинг айтишича, шу йўл билан Россияни дастаклашмоқчи, ижодий ва дизайнерона йўлда ўз ватанларига бўлган муҳаббатлари ва қанчалик ватанпарвар эканликларини кўрсатишмоқчи.

Ташкилотчиларга кўра, акцияда тарқатилаётган дизайнер футболкалари бу йилги мавсумда урф бўлиши аниқ.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, уларнинг ташаббусларини Москва шаҳар ҳокимияти ҳам дастаклаб чиққан.

Акция иштирокчилари тушган автобус бугун Москва марказидан ўз саёҳатини бошлайди ва энг аввало йўлини Россия Давлат Думасига қараб солади.

Хабарларга кўра, Россия қуйи парламенти аъзолари ўз эски футболкаларини янгисига алиштириш имкониятига эга бўлган биринчи россияликлар бўлишади.

Бундан аввал Москвадаги энг қимматбаҳо дўконлардан бири ҳам президент Владимир Путин акси туширилган футболкаларни сотувга чиқарганди.

Нархи осмонўпар бўлса ҳам, бу каби футболкаларни қўлга киритиш илинжида бўлган одамлар дўкон қаршисида турнақатор навбатлар пайдо қилишган ва соатлаб тикка оёқда туришга ҳам рози бўлишганди.

Бу каби ташаббуслар Украина инқирозида тутган ўрни учун АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Россияга устма-уст санкциялар қўллаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Россиянинг давлатга қарашли йирик ширкатлари ва қатор амалдорларини нишонга олган жазо чоралари аллақачон мамлакат иқтисодида ўз сўзини айтмай қолмаган.

Рубль АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада қадрсизланган, еврога нисбатан ҳам ўз қимматини анчагина йўқотган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ