Таҳлил: Ҳаво ҳужумлари ИДга бас келадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Исломий Давлат” гуруҳининг Суриядаги мавқеъларига қарши уюштирилган илк ҳаво ҳужумлари ортидан, ҳозир худди шу савол ўртага чиқмоқда:

Бу мутаассиб гуруҳни яксон этишда биргина ҳаво ҳужумларининг ўзи етарли бўладими?

Бунинг учун ерда лозим шарт-шароит яратилганми?

Қарши жавоб бериш учун “Исломий Давлат”нинг қудрати нимага етади?

Би-би-сининг Дипломатик масалалар бўйича таҳлилчиси Жонатан Маркус уларга жавоб излайди:

Энг аввало ерга келсак

Агар, Ироқ мисолида олсак, бу ерда АҚШнинг “Исломий Давлат” гуруҳига қарши ҳаво ҳужумлари бесамар кетмади.

Бунга, Ироқнинг, айниқса, курдлар яшовчи шимолий минтақалари мисол.

Аммо Американинг қирувчи учоқлари жангариларни Ироқ тупроғидан буткул қувиб чиқара олмади.

Чунки бу иккита энг муҳим факторга боғлиқ бўлади:

Биринчидан, бунинг учун ерда “Исломий Давлат” жангарилари билан юзма-юз жанг қилишга қодир, яхши тайёргарликдан ўтган ва қатъиятли қўшин бўлиши лозим.

Тўғри, курд Пешмерга жангчилари худди шу талабларга жавоб беради.

АҚШ ҳозир “Исломий Давлат” жангарилари томонидан мағлуб этилган айрим ҳарбий бўлинмаларни яна қайта оёққа қўйишга уринмоқда.

Аммо буларнинг барчаси муайян вақт талаб қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Иккинчи муҳим фактор эса, сиёсий: Худди шунинг учун ҳам, расмий Вашингтон миллий бирдамлик ҳукумати ташкил топмагунча, Ироққа кўмак беришдан бош тортиб келди.

Аммо кенг қамровли янги ҳукуматнинг Ироқда яхшироқ бошқарувни таъминлаши ҳам бир кунда бўладиган иш эмас.

Бироқ, гап “Исломий Давлат”га ўхшаган гуруҳлар ҳақида кетганда, бу – муҳим масала.

Чунки гуруҳ мослашувчан экани боис, уни буткул йўқотиб бўлмайди. Тезда бошқача кўринишда бўй кўрсатади.

Ироқ ва Сурияда шундай шарт-шароит яратилиши керакки, шафқатсизлиги ва қанчалар мутаассиблиги боис, сунний қавмларнинг ўзлари “Исломий Давлат”дан юз ўгиришлари керак.

Яъни, гуруҳга ичдан барҳам беришга ҳаракат қилиш лозим.

Худди шу ўринда сиёсий фактор ҳарбийси каби муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис ҳам, АҚШ ва унинг иттифоқчилари худди шу омилга ҳам ўз эътиборларини қаратишлари лозим.

Лекин, шунда ҳам, бу каби қоришиқ стратегия ҳукумати расман тан олинган Ироқда иш бериши мумкин.

Аммо уни Сурияда қўллаш мумкинми-йўқлиги, умуман бошқа масала.

Бу ерда муътадил мухолифат кучларини тайёрлаш бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Кўплаб таҳлилчилар наздларида, шунда ҳам, улар “Исломий Давлат”га қарши туришга қодир бўлмасликлари мумкин.

Суриядаги ҳукуматни Ғарб тан олмайди ва бундан ҳам ёмони, мамлакатнинг келажаги борасида ҳам бирор бир сиёсий режа йўқ.

Кенг қамровли жанг

Устига устак, шарт-шароит ҳам ўзгариб бормоқда.

“Исломий Давлат” бу жангларда ўз ўрнига эга.

Гуруҳ мослашувчан ва яхши стратегик қарашга эга эканини ҳам амалда кўрсатиб улгурган.

Шундай экан, уларнинг АҚШ бошчилигидаги ҳарбий амалиётларга жавоби қандай бўлиши мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Гуруҳнинг қўлидан бир қанча иш келолади:

Улар Ироқдаги курдларга қарши жангларини Сурияга кўчириши мумкин.

Бу эса, Сурия-Туркия чегарасида катта сондаги қочқинлар оқимига сабаб бўлмай қолмайди.

Улар, бундан ташқари, исломий экстремистларни мамлакатлари ичкарисида бўладими ва ё ташқарисида, ғарбликларни нишонга олишга ҳам даъват этишмоқда.

Жазоирда бир француз фуқаросининг қўлга олиниши бунинг биринчи маҳсули бўлиши мумкин.

Шундай экан, бу жангда “Исломий Давлат” ихтиёрида ҳам танловлари бор ва улар АҚШ ҳамда иттифоқчиларини қийин аҳволда қолдириши мумкин.

Аммо энг сўнггида бир нарсани эсда тутиш лозим:

Бу жанг – Мусулмон ва Араб дунёсида кечаётган кенг қамровли фуқаролар урушининг бир қисми.

Кўплаб таҳлилчилар буни, муайян маънода, сунний давлатларнинг Шиалар, Эроннинг араб давлатлари ва бетараф мавқеъда қолиш истагида бўлганларининг буни чиппакка чиқариш ҳаракатидагиларига нисбатан қаршилиги сифатида талқин этишади.

Бироқ, айримлар айтмоқчи, фуқаролар уруши қандай натижа билан тугашидан қатъиназар, унда мутлақ ғолиб бўлмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ