Туркияга яқин ҳудудда Исломий Давлат ҳужумга тутилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриянинг Туркия билан чегарага яқин ҳудудида Исломий Давлат (ИД) мавқеларига яна ҳаводан ҳужумлар уюштирилган.

Суриялик фаолларга кўра, ИД бир неча кундан бери эгаллаб турган курдларнинг Кобане шаҳри атрофида қирувчи учоқлар ҳужумлари қайд қилинди.

Гувоҳлар икки қирувчи учоқ Туркия томонидан келганини айтишди, бироқ турк расмийлари мазкур ҳужумда ўз ҳаво ҳудуди ёки ҳарбий базаларидан фойдаланилганини рад этди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция Суриядаги ИДга қарши рейдлари кўламини душанба куни кенгайтирди.

Бироқ, Кобане яқинидаги бомбардимонни на АҚШ ё на унинг коалиция шериклари тасдиқлашди.

Туркиядаги ҳарбий манбалар ўзининг ҳаво қўшинлари ва Туркиянинг жанубий Инжирлиқ шаҳридаги АҚШ базаси охирги ҳужумга алоқадор эмаслигини айтишмоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги тун оша Суриянинг бошқа қисмларида, хусусан Сурия шарқидаги Дейр ал-Зур шаҳрида икки ИД машинасини йўқ қилганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

ИД Сурия ва Ироқнинг кўп ҳудудларини эгаллаб олган. АҚШ август ойидан бери ИДга қарши 200 марта ҳаводан ҳужум қилди.

Қочқинлар

ИДнинг Сурия шимолидаги ҳудудларни эгаллаши ортидан қўшни Туркияда қочқинлар инқирози юзага келган.

Кўмак ташкилотлари асосан Кобане шаҳридан бўлган 130 минг курд қочқинлари дам олиш кунларида Туркияга қочиб ўтганларини билдирган.

Сешанба куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия ИДга қарши қўшма ҳарбий амалиётларга қўшилиши мумкинлигини айтган.

"Биз амалиётларни имконқадар қўллаб-қувватлаймиз", - деди у Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясига ташрифи чоғида журналистларга гапира туриб.

Туркия 49 нафар туркиялик ИД жангарилари қўлида гаровда ушлаб турилгани учун аввалига ҳар қандай ҳарбий амалиётларда иштирок этишдан бош тортганди.

Гаровдаги турклар Ироқ шимолида 101 кун ушлаб турилгач, шанба куни озод қилинганлар.

Your contact details
Disclaimer