Уламолар "Исломий давлат"га қарши 18 бетлик очиқ хат эълон қилдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Дунёдаги 120 дан ортиқ исломий уламолар ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳ Ислом динини ёмонотлиқ қилаяпти деган мазмунда очиқ хат эълон қилганлар, бошқа уламоларни бу очиқ хатга қўшилишга чақирганлар.

Очиқ мактуб матни араб тилида ёзилган.

Мактубда Қуръони Карим сураларидан парчалар мисолида "Исломий Давлат" қўл ураётган амаллар қораланган.

Очиқ хатга имзо чекканлар орасида мусулмон дунёсида нуфузли Миср муфтийси Шайх Шавқи Аллам, Қуддус ва бутун Фаластин муфтийси Шайх Муҳаммад Аҳмад Ҳусайнлар бор.

Муаллифларга кўра, улар "Исломий Давлат" фалсафаси ва бу гуруҳ содир этаётган зўравонликларни Ислом динига зид эканини "нуқтама-нуқта" исботлаб беришдир.

Очиқ хат матни Вашингтон шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинган.

"Улар("Исломий Давлат" гуруҳи) қилаётган ҳамма амаллар ноисломий. Улар бизнинг динимизда тақиқланган нарсаларни қилаяптилар. Бизнинг динимизга зид амалларни содир этаётганларни матбуот қандай қилиб Ислом динига боғлаши мумкин", деб айтган очиқ мактуб муаллифларидан Аҳмад Бедиер.

"Исломда бегуноҳ инсонларни ўлдириш тақиқланган. Исломда элчини ўлдириш, дипломатни ўлдириш тақиқланган. Айниқса, журналист ва кўмак ташкилоти ходимларини ўлдириш тақиқланган", деб айтган матбуот анжуманида Шимолий Америка Фиқҳ кенгаши раиси доктор Музаммил Сиддиқий.

Би-би-си билан суҳбатда Шимолий Калифорния мусулмонлари кенгаши раиси Ҳотам Базиян мактуб ёзишдан мақсад нима бўлганини изоҳлаб берди.

"Бу ҳаракатларимиз бир неча мақсадни кўзлайди. Биринчидан, биз Исломнинг обрўйини буткул булғаётган унсурга қарши жавоб қайтаришимиз керак. Иккинчидан, биз бу гуруҳнинг мафкураси ва таълимоти, ҳамда улар тарғиб қилаётган ҳамма нарсани рад қилишни истаймиз. Учинчидан, биз буни Ислом дея қабул қилаётган одамларга бу Исломдан ва мусулмонлар анъаналари ва тажрибасидан йироқ эканини англатмоқчимиз", деб айтди Ҳотам Базиян

Айни пайтда очиқ хат муаллифлари Яқин Шарқдаги инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш ягона йўл эмаслигини урғулаганлар.

Муаммони ҳал қилишнинг маърифий, дипломатик ва сиёсий йўлларини излаш лозимлигини айтганлар.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ