‘Бурункесар’ эр ҳалиям топилмади

Афғонистон полицияси ўз аёли бурнини ошпичоқ билан кесиб ташлаган эркакни қидирмоқда.

Ҳодиса куни-кеча марказий Дайкўнди вилоятида юз берганди.

Эрининг шафқатсиз ҳужумига учраган ёшгина жувон ҳануз касалхонада қолмоқда.

Унинг 20 ёшлар чамали экани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, эри бундан аввал ҳам аёлгинага кун кўрсатмаган.

Жуда зўравон бўлган: хотинининг тирноқларини таг-туги билан суғуриб олган.

Хонага қамаб қўйиб, кунлаб ҳеч нарса бермаган, оч қолдирган.

Агар, бутун Афғонистондаги вазият таҳлил қилинса, сўнгги йилларда бурун кесиш ҳоллари яна ортаётгани кузатилади.

Маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам хотин-қизларга қарши зўравонликлар кучайиб бораяпти, деган хулосада.

Қисқача тафсилот ўрнида:

Маҳаллий полиция бошқармаси зўравон эр ва жабрдийданинг исм-шарифларини очиқламаган.

Аммо, масъулларга кўра, хотини билан қаттиқ уришиб қолган эр алал-оқибат унинг бурнини ошпичоқ билан кесиб ташлаган.

“Биз уни зудлик билан касалхонага етказдик. Аммо эри қочиб қолишга улгурди. Ҳалиям дарагини тополганимиз йўқ”, - дейди Дайкўнди вилоят полиция бошқармаси вакили Муҳаммад Али Атай.

Ёшгина жувоннинг оиласи ҳам жим: Шу боис ҳам юз берган ҳодиса тафсилотлари у қадар ойдин эмас.

Зўравон эрлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йил худди шунга ўхшаш ҳодиса Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот вилоятида юз берганди.

Банги эри жаҳл устида ўз хотинининг бурнига қўшиб, лабини ҳам кесиб ташлаганди.

Касалхонада экани чоғида бу ҳақда Сеторанинг ўзи журналистларга айтиб берганди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, зўравон эрига бор-йўғи 11 ёшида турмушга чиққан.

Эри Эронга меҳнат муҳожирлигига кетиб, ўша ердан банги бўлиб қайтган.

Банги эри унинг тақинчоқларини сотиб, пулига гиёҳванд модда олмоқчи бўлган.

Сетора, йўқ, дегач, уни беҳуш бўлгунча калтаклаган.

Кейин пичоқлаб, бурнию лабини кесиб ташлаган.

Ҳозир жабрдийда аёлларнинг ўзлари ҳам бошларига тушган кўргуликлар ҳақида кўпроқ гапира бошлашган.

Шу боис, бу каби зўравонликлар оммавий-ахборот воситаларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, ҳалиям кўплаб маиший зўравонлик ҳоллари тўрт девор орасида қолиб кетади.

Айрим жабрдийдалар эса, бу ҳақда, ҳатто, миқ этиб оғиз очишга қўрқишади.

Бошқалари эса, полиция ва адлия тизимига ишонишмайди.

Шу боис ҳам, қанчалик оғир бўлмасин, ўз дардларини ичларига ютишни маъқул кўришади.

Ҳуқуқий ҳимоя

Шу яқин йиллар ичида айрим жабрдийда аёллар четда ўз бурун ва лабларини тиклаб, қайтишга ҳам муваффақ бўлишган.

Уларга Афғонистондаги турли нодавлат ташкилотлари ва гуруҳлар молиявий кўмак беришган.

Маиший зўравонликлар ҳануз Афғонистон тўқнаш келиб турган учта асосий муаммодан биттаси.

Яқинда эри ва унинг яқинлари томонидан ойлаб ертўлада сақланган ёшгина келинчакнинг кечмиши ҳам катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Улар Саҳаргулнинг соч ва тирноқларини илдизи билан суғуриб олишган ва баданига тамаки чўғини босиб азоблашган.

Афғонистонда "Хотин-қизларни маиший зўравонликлардан ҳимоя этиш тўғрисида"ги қонун 2009 йилда қабул қилинган.

Аммо яқинда янги таҳрирдагиси қайта парламент муҳокамасига қўйилган ва ойларки, тасдиқдан ўтмай қолмоқда.

Мавжуд ҳолат хорижий иттифоқ қўшинлари афғон можаросига ечим топмай, ортга сафарбарликни бошлаган бир йилга тўғри келмоқда.

Устига устак, ҳозир Толибон дохил турли исёнчи гуруҳлар қайта фаоллашган.

Бу эса, афғон хотин-қизларини шундоқ ҳам ниҳоятда қалтис аҳволда қолдирган.

Маҳаллий фаолларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб қонун устиворлиги таъминланса, одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилса ва ночорликка барҳам берилса, бу каби даҳшатли жиноятларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ