ОИ: "Исломий давлатга 3000 оврўполик жиҳодчи қўшилган"

Сурия ва Ироқда исломий жангарилар сафига қўшилаётган оврўполиклар сони уч мингдан ошган. Бу баёнотни Оврўпо Иттифоқининг аксилтеррор хизмати раҳбари Би-би-си билан суҳбатда қилди.

Жил де Керчовнинг огоҳлантиришича, Ғарб ҳаво ҳужумлари жангариларнинг Оврўпода қасддан амалга ошириши мумкин бўлган ҳужумлари хавфини оширади.

АҚШ бошчилигидаги қўшинлар август ойидан бери Ироқдаги Исломий Давлат (ИД) жангариларига қарши 200 марта ҳаводан ҳужум қилганлар, ва душанбадан бери ИДнинг Суриядаги истеҳкомларини нишонга ола бошлашди.

Жума куни Британия парламенти Ироқда ҳаводан ҳужумларни амалга ошириш борасида овоз бериши кутилади.

Исломий Давлат охирги ойларда Ироқ ва Суриянинг кўп ҳудудларини эгаллаб олган.

Жаноб де Керчов 3000 киши дейилганда минтақага сафар қилган, ҳамда у ердан қайтиб келган ёки у ерда ҳалок бўлган оврўполиклар ҳам назарда тутилишини айтди.

АҚШнинг Марказий жосуслик агентлигига кўра, ИД Ироқ ва Сурияда 31 минг жангчисига эга бўлиши мумкин. Бу аввал ишонилганидан уч баробар кўпдир.

Жаноб де Керчовнинг айтишича, Исломий Давлатнинг июнь ойида халифалик тузилганини эълон қилгани Оврўподан кўпроқ тарафдорлар оқимига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

"Агар ИДнинг халифалик ғоясига ишонсангиз, бошиданоқ унга жалб этилишни хоҳлайсиз", - дейди у.

ИД жангарилари Ғарбнинг ҳужумларига қарши қасддан ҳужумлар уюштиришларини айтиб таҳдид қилишган.

"Францияга нисбатан уч кун аввал ИД қасддан ҳужумлар қилиниши борасида баёнот чиқарди Жазоирда франциялик киши ўғирлаб кетилди ва боши танасидан жудо этилди. Шундай экан, улар таҳдидларини тадбиқ қилишаяпти", - деди жаноб де Керчов.

Your contact details
Disclaimer