Исломий Давлат Сурия чегарасида ҳаводан ҳужумга тутилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Cуриянинг Туркия билан чегарага яқин Кобане шаҳрини ишғол қилиб олган Исломий Давлат жангчилари ҳаво ҳужумларига тутилган. Бу ҳақида ҳудудда бўлган Би-би-си мухбири Пол Вуд хабар берди.

Қирувчи учоқлар ҳудуд узра тун бўйи айланганлар ва портлаш овозлари эшитилган.

Курд жангчилари шаҳарни Исломий Давлат жангариларидан мудофаа қилиб келишаётганди.

Мазкур ҳаво ҳужумларини ким амалга оширгани борасида АҚШ-бошчилигидаги коалиция бирон маълумот бермади.

Кобане ва унинг атрофидаги қишлоқлардан 140 мингдан ошиқ тинч аҳоли Туркияга қочиб ўтар экан, бу шаҳар жанг майдонига айланган.

Вазият таранглашган, чунки Туркия қўшинлари турк ва суриялик курдларнинг чегараларни кесиб ўтиб Кобане мудофаасига қўшилишларини бартараф қилишга уринган.

Тун оша АҚШ қуролли кучлари раҳбари Сурияда амалга оширилаётган ҳаво ҳужумлари жиҳодчилар гуруҳига жиддий шикаст етказаётгани, бироқ бунинг ўзи уларни мағлуб қилиш учун етарли эмаслигини айтди.

Жума куни Британия парламенти Исломий Давлатга қарши ҳаво ҳужумларига қўшилиш борасида овоз берди. Британия Сурия ва Ироқнинг йирик ҳудудларини эгаллаб олган жиҳодчи гуруҳга қарши курашга қўшилади, бироқ Сурия ҳудудида ҳужумларни амалга оширмайди.

Британиянинг олтита Торнадо қирувчи учоқлари шу дам олиш кунларида ишга солиниши мумкин.

Your contact details
Disclaimer