'Нусра Жабҳаси' ҳаво ҳужумларига қарши таҳдид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриядаги “Ал-Қоида”га алоқадор «Нусра Жабҳаси» жангари гуруҳи Сурия ва Ироқдаги “Исломий Давлат” мавқеларини ҳаво ҳужумига тутилишини қоралаб баёнот тарқатган, бу “Исломга қарши уруш” деб атаган.

Гуруҳ мурожаати Интернетда эълон қилинган.

Бу видеомурожаатда «Нусра Жабҳаси»нинг сўзчиси Абу Фирас ал-Сурий “Исломий Давлат”га қарши коалицияга бирлашган давлатларга таҳдид қилган.

"Нусра Жабҳаси" ҳам, "Исломий Давлат" ҳам ўзларини жиҳодий гуруҳлар деб билсалар ҳам улар бир-бирини душман деб билади.

Бундан олдин Сурияда бу икки гуруҳ жангарилари ўртасида қуролли тўқнашувлар келиб чиққан.

Бироқ 27 сентябр куни "Нусра Жабҳаси" воизи "Исломий Давлат"га қарши ҳаво ҳужумларини қоралади.

"Бу давлатлар даҳшатли амал қилдилар. Бу нарса уларни бутун дунёдаги жиҳодчиларнинг нишонига айлантиради. Бу "Нусра Жабҳаси"га қарши эмас, Исломга қарши уруш", деб айтган Абу Фирас ал-Сурий.

Америка ҳаво ҳужумларида "Нусра Жабҳаси"ни нишонга олиш ниятида эканини эълон қилмаган, коалициянинг илк ҳужумларидан бири Суриядаги "Хуросон" деб номланган гуруҳ мавқеларини нишонга олган.

"Хуросон" "Нусра Жабҳаси" таркибидаги гуруҳ деб кўрилади.

Ўзини «Исломий давлат» деб атаган гуруҳ Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини ўз назорати остига олиб исломий халифалик барпо этганини эълон қилганидан кейин АҚШ Ироқдаги жангариларни ҳаво ҳужумларига тутди.

Ҳамда Вашингтон ўз олдига “Исломий Давлат”ни йўқ қилиш мақсадини қўйган давлатларнинг коалициясини тузишга киришди.

Дунёнинг 40 тача мамлакати, жумладан Ироқ ва Сурия қўшниси бўлган араб давлатлари ушбу коалицияга қўшилдилар.

26 сентябр куни Британия парламентидаги овоз бериш маъқуллови билан Буюк Британия “Исломий Давлат”га қарши бирлашган коалициянинг охирги аъзоларидан бири бўлди.

“Исломий Давлат” гуруҳининг шафқатсизлиги, оммавий қатллар ва инсон бошини танасидан жудо қилишлар, диний ва миллий озчилик вакили бўлган инсонларни таъқиб қилиши халқаро миқёсда бу гуруҳга қарши кураш бошлашга туртки бўлди.

27 сентябр куни АҚШ Мудофаа вазирлиги “Исломий Давлат” ўз халифалигининг пойтахти деб эълон қилган Суриянинг Раққа шаҳри ва Сурия-Туркия чегарасидаги жангарилар мавқелари ҳаво ҳужумларига тутилгани ҳақида хабар қилди.

Суриядаги курдлар Кобанэ, араб тилида эса «Айн ал-Араб» деб аталадиган шаҳарни “Исломий Давлат” жангарилари босиб олганидан кейин айрим маълумотлар бўйича 140, бошқа манбаларда эса 160 минг деб айтилаётган аҳоли қўшни Туркия ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлдилар.

Кобанэни ҳимоя қилаётган курд жангчилари айтишича, коалиция ҳаво ҳужумидан кейин "Исломий Давлат" ҳам шаҳарни бомбардимонга тутган, бир неча инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ