Афғонистон: Ашраф Ғани президентликка қасамёд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ашраф Ғани Аҳмадзай мамлакат конституциясига роия қилишга ваъда берди

Кобулдаги президент саройида бўлиб ўтган маросимда Ашраф Ғани Аҳмадзай Афғонистоннинг янги президенти сифатида қасамёд қилди.

Қасамёд маросими президентликка номзодлар орасида олти ой давом этган баҳсларга якун ясайди.

Қўшма Штатлар воситачилигида эришилган келишувга мувофиқ, жаноб Ғани президентлик ва унинг сайловдаги рақиби Абдулла Абдулла ижроий ҳокимият раҳбари вазифасини зиммаларига олади.

Толибон икки номзод эришган битимни "Қўшма Штатлар ташкиллаштирган риёкорлик" дея баҳолаган.

Аммо юзлаб давлат арбоблари ва хорижий меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтган маросимда гапирган жаноб Ғани битимни "улкан ютуқ" дея олқишлади.

Ашраф Ғани Аҳмадзай мамлакат конституциясига тўла риоя қилишга қасамёд қилди.

У сайловни "ҳокимиятнинг илк демократик алмашинуви" дея баҳолади ва сайловдаги рақиби Абдулла Абдулла ҳақида илиқ сўзларни айтди.

Ижроий ҳокимият раҳбари сифатида иш бошлаётган жаноб Абдулла эса президент билан "яхшироқ келажак учун ўзаро ишонч ва масъулият билан" ишлашини айтди.

Қасамёд маросимини очиб берган президент Ҳомид Карзай янги ҳукуматни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Кобулдаги Би-би-си мухбирларига кўра, Кобулда хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучайтирилган, дўконлар ёпилган ва кўчаларда оз сонли инсонларни кўриш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ