Хитой: имомни пичоқлаган икки шахсга ўлим жазоси берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи freeasia
Image caption Жума Тоҳир хитойпараст чиқишлари билан танилгани айтилади

Хитой давлат матбуотининг хабар беришича, Қашғар жомеъ масжиди имомини ўлдиргани учун икки шахс ўлимга ва яна бир шахс бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Якшанба куни Қашғарда маҳкама Ғани Ҳасан ва Нурмаҳмат Абдулҳамидни террорчи гуруҳни ташкил қилиш ва қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм этди, дея хабар беради "Тяншан Нет" янгиликлар портали.

"Тяншан Нет" хабар беришича, учинчи шахс Атоулло Турсун террор гуруҳига аъзоликда айбдор деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Хитой матбуоти айтишича, Нурмаҳмат Абдулҳамид ва унинг икки шериги 74 ёшли имом, Жума Тоҳирни 30 июл куни бомдод намозидан кейин пичоқлаганлар.

Нурмаҳмат Абдулҳамид ҳибсга олингани ва унинг икки шериги полиция томонидан отиб ташлангани хабар қилинади.

Вашингтонда жойлашган "Озод Осиё" радиосининг маҳаллий расмийлар ва шоҳидларга таяниб хабар қилишича, Жума Тоҳир чоршанба куни тонгда Қашғардаги "Ийдгоҳ" масжиди ташқарисида қонга беланган ҳолда топилганди.

Жума Тоҳир мусулмон уйғур гуруҳлари томонидан хан хитойларига содир этилган зўравонликларни танқид қилиб келгани айтилади.

Маълумотларга кўра, бир ярим гектар ердан кўпроқ майдонни эгаллаган "Ийдгоҳ" масжиди 1442 йилда қурилган қадимий масжидлардан бири саналади.

Ҳодиса Ёркентдаги қонли тўқнашувлардан бир неча кун ўтиб юз берган.

'Хитойпараст имом'

"Озод Осиё" радиосининг Қашғар аҳолисидан иқтибос келтиришича, ўлдирилган имом 2009 йилдаги зўравонликлар чоғида Хитой ҳукуматини ҳимоя қилгани учун кўпчилик уйғурлар уни ёмон кўришган.

Ўз номини ошкор этмаган қашғарлик ўқитувчи "У масжидни коммунистик партиянинг тарғибот мактабига айлантириб олган эди", - деб айтган.

Лондондаги уйғур фаоли Азиз Исонинг айтишича, бу "Ийдгоҳ" масжиди имомига биринчи суиқасд эмас.

Унинг сўзларига кўра, масжиднинг бундан аввалги икки имомига ҳам суиқасд уюштирилган, улардан бири ҳалок бўлган.

"Хитой ҳукумати бу масжид имомларидан ўз тарғиботларида фойдаланган", -дейди уйғур фаоли.

Ёркентдаги ҳодисалар ортидан Хитой минтақада хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Ёркентдаги манбаълар Би-би-сига кўчаларда катта сондаги полиция ва армия кучлари жойлаштирилганини айтишган.

2009 йилда Шинжон пойтахти Урумчида уйғурлар ва Хан хитойлари ўртасида юз берган оммавий тўқнашувларда 200га яқин киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти Хан хитойлари экани айтилган.

Уйғур фаоллари Хитой бошқарувига қарши норозилик, хусусан, диний ва маданий эркинликларнинг чекланаётгани ҳақида гапиришади.

Хитой эса минтақа аҳолисининг турмушини яхшилаш учун йирик сармоялар киритаётганини айтиб келади.