Обама: АҚШ "Исломий Давлат" таҳдидини писанд қилмаганди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Обамага кўра, "Исломий Давлат" таҳдидига АҚШ ўз вақтида етарлича эътибор қаратмаган

Президент Барак Обама Қўшма Штатлар хавфсизлик хизматлари Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳидан бўлган таҳдид кўламини ўз вақтида назарга олмаганини эътироф этди.

Си-Би-Эс телевизион канали билан суҳбатда Барак Обама АҚШ кучлари Ироқдаги ал-Қоида тармоғини сунний қабилалар кўмаги билан тор-мор қилганини айтди.

Аммо кейинчалик, Обама сўзларига кўра, ал-Қоида қўшни Сурияда юзага келган қудрат бўшлиғидан фойдаланиб, "Исломий Давлат" номини олган гуруҳни барпо қилган.

Айни пайтда Ироқ пойтахти Бағдод ғарбида қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Бағдодда бўлган Би-би-си муҳаррири Лиз Дюсетнинг айтишича, ҳукумат кучлари АҚШ бошчилигидаги иттифоқчиларнинг ҳаво ҳужумлари ёрдами билан Исломий жангариларни Америят ал-Фалужжа минтақасида тўхтатишга муваффақ бўлганлар.

Бироқ, исёнчилар чекингани йўқ ва шаҳардан нари борса 10км узоқликда туришибди, дея илова қилади Лиз Дюсет.

Си-Би-Эс телеканалининг "60 дақиқа" кўрсатувида гапирган жаноб Обамага сўзларига кўра, жангарилар Суриядаги бошбошдоқликдан фойдаланиб қолганлар.

У "Исломий Давлат" устидан ҳарбий ғалаба муаммони қисман ҳал қилишини ва унга сиёсий ечим топиш зарурлигини айтди.

"Улар, Суриядаги фуқаролар урушидан фойдаланиб, ўзларини қайтадан ўнглаб олишга ва жиҳод ҳақидаги беъмани ғояларга ишонган хорижий жангчилар ҳисобига кенгайишга муваффақ бўлдилар," - деб айтди Барак Обама.

Президент Обаманинг айтишича, жиҳодчилар Саддам Ҳусайннинг эски армиясидан қолган ҳарбий жиҳозларни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

АҚШ етакчилигидаги ғарб ва араб давлатлари иттифоқи Ироқ ва Сурияда "Исломий Давлат"га қарши ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда.

АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан буён Ироқда барқарорлик ўрнатилгани йўқ, шиалар етакчилик қилувчи ҳукуматни сунний аҳоли дастакламайди.

Сурияда эса 2001 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ