Мусулмон футболчиси шукронаси учун жазоланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сўнгги ҳодиса Америка Миллий Футбол Лигасида юз берди:

Ҳусайн Абдуллоҳ “Kansas City Chiefs” дарвозасига киритган тўпини майдоннинг ўзидаёқ нишонлаб қўя қолди.

Шундоқ чўкка тушиб, пешонасини ерга босганча, Аллоҳга шукрона айтди.

Учрашув масъулларига кўра, Ҳусайн Абдуллоҳ худди шу хатти-ҳаракати билан мавжуд тартиб-қоидалар меъёридан чиқиб кетган.

Рақиб дарвозасини забт этишини ҳаддан зиёд нишонлаб юборган.

Оқибатда ўйин ҳаками томонидан Ҳусайн Абдуллоҳ жамоаси дарвозасига қарши қарийб 15 метрлик жарима тўпи белгиланган.

Аммо бу каби жазо футболчининг майдонга чўкка тушгани учун берилганми ёки Аллоҳга шукрона айтгани учун, маълум эмас.

Нима бўлган тақдирда ҳам, Америка Миллий Футбол Лигаси раҳбари ҳакамнинг қарорига қўшилмаслигини айтмоқда.

Агар, мавжуд тартиб-қоидаларга қаралса, “майдонда эканликлари чоғида футболчиларнинг ўз ютуқларини бирор бир шаклда бўлсин, байрам қилишларига рухсат йўқ”.

Аммо, энг қизиғи, белгилаб қўйилган бу меъёрлар ўйинчининг майдонда чўкка тушиб, Аллоҳга ҳамду сано айтишини ман этмайди.

Америка Миллий Футбол Лигаси раҳбарининг Матбуот билан ишлаш бўйича муовини Майкл Сигнора ҳам “Твиттер” орқали юз берган ҳодисадан ўз таажжубларини изҳор этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

У, “Абдуллоҳнинг ноҳақ жазолангани, ҳакам диний сабаблар туфайли майдонга чўкка тушган ўйинчини тўхтатишга ҳақли бўлмагани”ни айтган.

“Kansas City Chiefs” ва “New England” жамоалари ўйинида юз берган ушбу ҳодиса ижтимоий мулоқот тармоқлари фойдаланувчиларини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Айниқса, америкалик футбол ишқибозлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларини ўзларига платформа қилиб олиб, миллий лигада ўзларининг голлари ёки ғалабаларини диний хатти-ҳаракатлар билан нишонловчи насроний футболчилар оз эмаслигига эътиборни тортишган.

29 ёшли Абдуллоҳнинг “Kansas City Star” газетасига берган суҳбатида айтишича, ўша пайтда ўйин масъуллари ўзига бир сўз дейишмаган.

Аммо, унинг суҳбати тафсилотларидан аён бўлишича, фақат Бош мураббий бунинг сабабини очиқлаган ва ўзини фақат майдонга чўкка тушгани учун жазолашганини айтган.

Юз берган ҳодиса ортидан, Америка-Исломий Алоқалар Кенгаши Америка Миллий Футбол Лигасига мурожаат қилиб, нега жарима тўпи белгилангани сабабини расман тушунтириб беришларини сўраган.

“Иккиюзламачиликнинг олдини олиш учун, биз лига мулозимларини диний тоат-ибодат ёки шукрона айтиш масаласидаги сиёсатларига ойдинлик киритишларини сўраймиз. Яна шунингдек, сўнгги ҳодисада ўйин масъули хато қилганини тан олишларига чақирамиз”, - деб айтган кенгаш матбуот воизи Иброҳим Ҳупер.

Жуда эътиқодли мусулмон бўлган Абдуллоҳ 2012 йилда ўзига ўхшаб Америка Миллий Футбол Лигасида тўп сурувчи укаси билан Ҳаж зиёратини адо этиш учун бутун футбол мавсумини ўтказиб юборганди.

Шунча машмашаларга сабаб бўлган учрашувнинг ўзи эса, “Kansas City Chiefs”нинг 41-14 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, американча футбол, унинг ўйнаш тартиб-қоидалари анъанавий футболдан анчайин фарқ қилади.

Америкада энг машҳур бўлган бу спорт тури регби ва футболнинг қоришиқ шаклини эслатади.

Англия футболи ва мусулмонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳозир Англия премьерлигасида 40 нафар мусулмон футболчиси тўп суришади.

Уларнинг деярли барчаси беш вақт намозларию рўзаю рамазонларини ҳам ҳануз канда қилишмас экан.

Бу эса, инглиз футбол маданиятини ўзгартириб юбориш даражасида таъсирга эга бўлибди.

Дастлаб, 2012 йил бошида "Ньюкасл"нинг "Астон Вилла"га қарши ўйини чоғида юз берган бир ҳодиса бунинг яққол мисоли эди.

Учрашувнинг 30-дақиқасида Демба Ба ўйинда ҳисобни очади.

Демба қувончига сиғмай, майдон бурчагига қараб югураркан, унга сенегаллик жамоадоши Паписс Сиссе қўшилади.

Икковлон майдонга чўкка тушиб, Аллоҳга ҳамду саноларини айтишади.

Англия футболининг йил сайин байналмилаллашиб бораётгани эса, мусулмон футболчилари таъсирининг янада кучайишига хизмат қилмоқда, холос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Скаутлар янги иқтидорлар илинжида ўз турларини янада узоқроққа отишаркан, Англия премьерлигаси ҳам янада турфалашиб бормоқда.

Ғарбий Африканинг чекка бир қишлоғи ёки Парижнинг қашшоқ мавзеъларидан чиққан ёшлар ҳозир жаҳон футболи юлдузларига айланиб боришмоқда.

Улар инглиз клубларида тўп суриб, бойлик ва ном қозонаётган бўлишлари мумкин.

Аммо бу каби футболчиларнинг аксарияти маданий ўзликларининг асосига бориб тақалувчи, уларга йўл кўрсатувчи ва оғир пайтларда кўнгилларига таскин берувчи бир нарса - Ислом динига бўлган эътиқодларини сақлаб қолишган.

Аммо инглиз клублари ва уларнинг раҳбарияти ўйинчиларининг диний эҳтиёжларига чин дилдан қулоқ тутишмоқда.

Дейлик, мусулмон футболчиларининг овқатлари ҳалол бўлиши таъминланади.

Алоҳида ювиниш хоналари ва беш вақт намозни канда қилмасликлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида эса, рўза тутишларига имкон қадар тўсқинлик қилмасликка ҳаракат қилинади.

Ҳозир, ҳатто, айрим футболга ошуфта маҳаллий болакайлар ҳам рақиблари дарвозасини забт этгандан сўнг, намоз ўқиётган кишидек, ерга чўкка тушишни одат қилишибди.

Болалар қилаётган ишларининг маънисини тўлиқ англаб етмаётган бўлишлари мумкин, аммо бу, маълум маънода, исломий амалларнинг британ маданиятига ошуфта бўлиб бораётганига далолат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ