Эбола: "Сьерра-Леонеда соатига беш инсон касалланмоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Save the Children хайрия ташкилотининг айтишича, ўта хавфли эбола касаллигининг Сьерра-Леонеда тарқаш суръатлари соатига беш кишига етган.

Бу эса соғлиқни сақлаш тизими учун улкан муаммоларни туғдирмоқда.

Бугун Лондонда мутаҳассилар ва сиёсатчилар йиғилиб ушбу касаликка қарши жаҳон бўйлаб қарши чораларни кўриб чиқмоқдалар.

Жаҳон бўйлаб ушбу касалликдан ҳозирга қадар 3338 киши оламдан кўз юмган.

Ҳозирда зудлик билан эболага қарши эмдори ишлаб чиқиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг айтишича, Британия ва АҚШда бу каби эмдорининг икки тури синовдан ўтказилмоқда.

Лондонда ўтказилаётган анжуманда эбола эпидемиясига қарши жаҳон ҳамжамияти томонидан кўриладиган самарали жавоб чоралари кўриб чиқилади.

Ғарбий Африкада эболанинг дастлабки ҳолатлари шу йилнинг март ойида қайд қилинганди. Тез орада унинг тарқаш суръатлари 1976 йили илк бор кашф қилинганидан бери энг кенг тарқаган миқёсга чиқди.

Бу йилнинг ўзидаёқ ушбу касалликдан шу вақтгача қайд этилган ҳолатлардан ҳам кўра кўпроқ инсон ҳалок бўлди.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотига кўра, бу йил қайд этилган ҳолатлар амалдаги воқеликни акс эттирмаслиги мумкин ва агарда тегишли чоралар кўрилмаса ноябр ойига бориб 20 мингга яқин инсон касаликка чалиниши кутилмоқда.

Айни вақтда Африкада бўлиб қайтган ва эбола хасталигини юқтирган илк америкалик билан мулоқотда бўлган 5 ёш бола назорат остига олинган.

Техаснинг Даллас штати ҳокимининг айтишича, Томас Эрик Данкан эболани Либерияда юқтирган.

У Либерияга икки ҳафта аввал яқинларини кўргани борган ва ҳозирда АҚШда оғир аҳволдадир.

Аввалроқ Ўзбекистон расмийлари эбола касаллиги хавфи туфайли шу йилги Тошкентда ўтказилган Жаҳон Кураш Биринчилиги мусобақаларига Ғарбий Африкалик спортчиларнинг келишларига рухсат беришмаганди.

Эболанинг асосий белгилари баланд иситма, қон кетиши ва марказий асаб тизимининг бузилиши.

Вируснинг инкубацион муддати 21 кун.

Шу вақтгача касаликка чалинганлар орасида ўлим ҳолатлари 90 фоизгача бўлган. Лекин бу йилги ўлим даражаси 55 фоиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer