Сурия ва Ироқдаги "Исломий Давлат" нишонларига қарши ҳужумлар

Ўтган ҳафта АҚШ бошчилигидаги кучлар илк бор Исломий Давлатнинг Сурия ичкарисидаги мавқеларини ҳаводан ҳужумга тута бошладилар. Бунга қадар гуруҳнинг Ироқдаги мавқелари нишонга олиб келинганди.

Суриядаги дастлабки ҳужумларда АҚШ, Баҳрайн, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳаво кучлари Сурия ичкарисидаги 14 нуқтани нишонга олганлар.

Бу ерларни 2013 йилда "Исломий Давлат" назорат остига олганди.

30 сентябр куни эса бу ҳужумларга Буюк Британия Ҳаво кучлари ҳам қўшилишди. Аввалроқ Британия парламенти бу каби амалларни қўллаб овоз берган.

Суриядаги нефт захирлари ҳужум остида

АҚШ президенти Барак Обама "Исломий Давлатни" "парчалаб ташлаш" пўписасини қилган экан, 24 сентябрга ўтар кечаси Суриядаги 12 нефтни қайта ишлаш иншоотига ҳаводан ҳужум уюштирилди.

Маълумотларга кўра, бу иншоотлар кунига 300-500 баррелгача нефтни қайта ишлаб чиқариб, "Исломий Давлат"га 2 миллион долларга қадар молия келтирмоқда эди.

Ушбу ҳужумлар натижасида "Исломий Давлат"нинг 14 жангариси, шунингдек беш нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

Ҳозирга қадар бу каби ҳужумлар 800 маротабадан кўпроқ амалга оширилди.

Исломий Давлат

Ироқдаги "Ал Қоида" гуруҳидан етишиб чиққан "Исломий Давлат"нинг пайдо бўлиши бутун минтақадаги беқарорликни кучайтириб юборди.

Шу йил июн ойига қадар гуруҳ Сурия ва Ироқнинг кўзга кўринарли ҳудудларини босиб олиб, Халифалик эълон қилди. Ушбу Халифалик ҳудуди Суриянинг Ҳалаб шаҳридан тортиб Ироқнинг Дияла шаҳрига қадардир.

Ироқнинг Мосул шаҳри Хавфсизлик кучлари аскарларининг қочиб қолиши ортидан таслим бўлди.

Фаллужа ва Рамади шаҳарларини эса "Исломий Давлат" ўтган йили декабридаёқ қўлга киритганди.

Ҳозирга қадар Исломий Давлат ҳужумларидан қочиб 140 мингга яқин қочқин Туркия чегарасини кесиб ўтган.

Your contact details
Disclaimer