БМТ британ фуқаросининг ўлдирилишини қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Хеннинг 2013 йил декабрида Сурияда ўғирлаб кетилган

БМТ Хавфсизлик Кенгаши британиялик Алан Хеннингнинг "Исломий давлат" жангарилари томонидан қатл этилишини "даҳшатли ва қабиҳ жиноят" дея қоралаган.

Хавфсизлик Кенгашига кўра, бу "жиҳодчи гуруҳ шафқатсизлигининг яна бир кўринишидир".

Жума куни кечқурун интернетда гаровдаги британ фуқароси Алан Хеннингнинг "Исломий давлат" гуруҳи аъзоси томонидан бошидан жудо қилиниши туширилган видео пайдо бўлган.

Видеотасвирнинг ҳаққонийлиги шубҳа уйғотмаган.

Англиянинг Салфорд шаҳридан бўлган 47 ёшли Алан Хеннинг такси ҳайдовчиси бўлган.

У 2013 йил декабрида Сурияга инсонпарварлик ёрдами олиб борган пайт ўғирлаб кетилганди.

'Жирканч'

Кўпгина давлатлар раҳбарлари икки фарзанднинг отаси бўлган Хеннингнинг ўлимини қоралаб чиқишган.

Президент Обама "Биз британиялик дўстларимиз ҳамда иттифоқчиларимиз билан биргаликда Алан ва шунингдек, Жим Фоули, Стивен Сотлофф ва Дэвида Хэйнсларнинг ўлимида айбдор бўлганларни маҳкамага тортиш учун барча чораларни кўрамиз", деб айтган.

Британия бош вазири Дэвид Кэмеронга кўра, Хеннингни бошқа одамларга ёрдам беришга уринаётган бир пайтда гаровга олинганлигининг ўзи "ИД террорчилари аҳлоқсизлигининг чеки-чегараси йўқлиги"ни кўрсатади.

Кэмерон Буюк Британия қотилларни топиш ва жавобгарликка тортиш учун барча чораларни кўришини айтган.

Британия Мусулмонлар Кенгаши Хеннинг ўлдирилишини "жирканч ва таҳқирловчи амал" дея қоралаган.

Хеннинг Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини назорат қилаётган "Исломий давлат" жангарилари томонидан бошидан жудо этилган гаровдаги тўртинчи шахс бўлган.

Видеода жангларилар америкалик экани айтилган яна бир шахсни ўлдириш билан таҳдид этганлар.

Сўнгги маълумотларга кўра, бу 2013 йил октябрида бедарак кетган 26 ёшли Питер Кассигдир.

Бу мавзуда батафсилроқ