Толибон 'Исломий Давлат'ни қўллайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мавлоно Фазлулла барча мужоҳидларни АҚШга қарши бирлашишга чақирган.

Покистондаги Толибон ҳаракати Қурбон Ҳайити арафасида баёнот чиқариб, Ироқ ҳамда Сурияда урушаётган "Исломий Давлат" мужоҳидларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Толиблар, хусусан, барча мусулмонларни Ислом оламининг "душмани" бўлмиш АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши бирлашишга чақиради.

"Исломий Давлат" жангарилари Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини қўлга киритишмоқда. Аммо айрим Исломий гуруҳлар бу жангарилар сафига қўшилмасдан, аксинча, уларга қарши урушишмоқда.

Покистон Толибони эса айнан ана шу Исломий гуруҳларга мурожаат қилиб, "ўзаро адоватни унутишни" маслаҳат бермоқда.

Ҳаракатнинг Покистондаги раҳбари саналмиш Мавлоно Фазлулло номидан чиқарилган баёнотда "Исломий Давлат" мужоҳидлари амаллари олқишланади.

"Душманларга қарши қўлга киритаётган зафарларингиздан фахрланамиз ва ҳам яхши, ҳам ёмон дамларда биз сиз билан биргамиз" - дейилади ушбу баёнотда.

Кейин эса бошқа рақиб жангари гуруҳларга қарата ҳам мурожаат қилинади.

"Шундай нотинч кунларда сабрли бўлинг ва душманларга қарши курашда бирлашинг. Чунки душманлар сизларга қарши бирлашишмоқда. Ўзаро рақобатдан воз кечинг".

Аммо Покистондаги Толибон ва "Исломий Давлат" ўртасидаги бирон муносабатлар ўрнатилгани ё келишувларга борилгани хусусида кўп нарса маълум эмас.

Олдинроқ Пешовар шаҳрида "Исломий Давлат" тарафдорлари уларни олқишлайдиган варақаларни тарқатишаётгани ҳақида хабарлар чиққанди.

Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" назоратига ўтган ҳудудлардан қочган одамлар сони 160 мингга етган. Улар, асосан, шиалар, туркманлар, курдлар, насронийлар ва язидийлардир.

"Исломий Давлат" мужоҳидлари сунний бўлмаган эркакларни қатл этаётгани, 9 яшар қизалоқлар дохил ёш аёлларни ўлжа сифатида қўлга олиб, жинсий таҳқирлаётгани ҳақида хабарлар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ