АҚШ дронлари Ўзбек жангариларини нишонга олди

Reuters агентлигининг хабар беришича, Покистон шимоли-ғарбида учувчисиз учоқдан қилинган ҳужум оқибатида келиб чиқиши ўзбек бўлган қўмондон дохил беш жангари ўлдирилган.

Reuters га бу борада Покистон хавфсизлик хизматидаги манба хабар берган.

Жанубий Вазиристон минтақасида якшанба куни амалга оширилган ҳужум айтилишича, сентябр ойи охиридан бери АҚШ учувчисиз учоғидан қилинган биринчи ҳужумдир.

Америка томонидан қилинадиган бу каби ҳужумлар Покистонда норозиликларга сабаб бўлганди ва шунинг учун охирги вақтларда жуда камдан-кам рўй бераётган эди.

Жосуслик хизматидаги манбага кўра, ҳалок этилган ҳамма беш нафар жангари ўзбек миллатига мансуб бўлганлар.

Хабарни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Покистондаги Толиблар сафида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари дохил яна кўплаб миллат вакиллари мавжудлиги айтилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати шу йил Карачи қўналғасига уюштирилган йирик ҳужум ортида турганлигини даъво қилганди.

Ушбу гуруҳ ҳам кўпмиллатли экани айтилади.

1990- йиллар охирларида ташкил этилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг мақсадини Ўзбекистондаги дунёвий тузумни ағдариш дея эълон қилган.

Кейинчалик гуруҳ Афғонистондаги Толиблар ва Ал-Қоида сафларига кирган.

Афғонистонга хорижий иттифоқчи кучлар киритилиши ортидан кўплаб жангарилар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош минтақаларида бошпана топишган.

Ҳозирда Покистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг қанча жангариси борлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Уларнинг сони бир неча юздан тортиб, бир неча минггача дея тахмин қилинади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган ҳафта Исломий Давлат жангари гуруҳини дастаклаши ҳақида эълон этган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ