Эронлик Оятулло: "Ёмғир сўраб илтижо қилинг"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Эрон матбуотининг хабар беришича, мамлакатда охирги вақтларда кузатилаётган қурғоқчилик туфайли етакчи руҳонийлардан бири тақводорларни "ёмғир сўраб, илтижо қилишга" даъват қилган.

Қурбон Ҳайити намозига йиғилганлар ўнгидаги ваъзида Оятулло Муҳаммад Али Мувоҳидий Кермоний Эрон бўйлаб ҳар бир масжидда ёмғир сўраб тиловат қилиш кераклиги ҳақида айтган.

Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар бермоқда.

Эроннинг етакчи руҳонийларидан бўлган Оятулло Теҳрон Университетида йиғилган намозхонларга айтишича, бу каби тиловатлар "гуноҳкорлар мавжуд бўлмаган вазиятда тақводорлар томонидан амалга оширилиши лозимдир".

Ҳозирда Эроннинг жанубий, шарқий ва марказий ҳудудларида қурғоқчилик кузатилмоқда.

Ҳукумат ушбу минтақаларга Форс Кўрфазидан туздан тозаланган сувни етказиш чораларини кўрмоқда.

Расмийлар шунингдек Афғонистон ва Тожикистондан сув олиб келиш йўлларини кўриб чиқаётганликларини маълум қилишган.

IRNA агентлигига кўра, айни вақтда олимлар булутларни нишонга олиб ёмғир келтириб чиқариш йўлларини излашмоқда.

Лекин ёмғирни келтиришда ибодат не қадар самарали бўлиши савол остида. Об-ҳаво башоратларига кўра, Эрон узра яқин келажакда ёмғир кутилаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer