Испанияда янги эбола ҳолати бўйича текширув бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Испаниялик ҳамширалардан бири ҳалокатли Эбола вирусини юқтиргани маълум бўлиши ортидан Мадриддаги шифохонада текширув бошланган.

Ҳамшира хасталикка Ғарбий Африкадан ташқарида чалинган илк инсондир.

У минтақадан вирусни юқтириб келиб вафот этган икки испан миссионерини даволашда иштирок этган.

Расмийларга кўра, вирусга чалинган ҳамшира Мадриддаги Карлос III шифохонасида испаниялик руҳонийлар Мануэля Гария Вьехо ва Мигел Пахаресага қараган 30 нафар тиббиёт ходимидан биридир. Унинг шахси борасида маълумот берилмади, аммо ёрдамчи ҳамшира вазифасини ўтагани айтилди.

Эболани Сьерра-Леонеда юқтирган 69 ёшли Гария Вьехо 25 сентябр куни шифохонада вафот этган эди.

Либерияда хасталикка чалинган 75 ёшли Мигел Пахареса эса, Испанияга қайтганидан кейин август ойида оламдан ўтганди.

Ҳамшира жаноб Гария Вьехо муолажа қабул қилган хонага икки бор - унга қараш ва ўлимидан кейин хонани дезинфекция қилиш учун кирган.

Ҳар икки сафар ҳам у ҳимояловчи кийим-бошда бўлгани урғуланади.

Мадрид шаҳрининг соғлиқни сақлаш бўйича бўлими директори "вирусни тасодифий юқтириш хавфи борлиги" борасида маълумоти йўқлигини айтган.

Кўп ўтмай, ҳамшира таътилга кетган, аммо 30 сентябр куни хасталангани маълум бўлган. Мадрид жануби-ғарбидаги Алкоркон шифохонасида унинг эбола вирусини юқтиргани аниқланган.

Сешанба куни полиция кузатувида ҳамшира Карлос III шифохонасига кўчирилган ва ҳозир аҳволи барқарор экани хабар қилинади.

Унинг турмуш ўртоғи ва шифохонанинг бошқа ходимлари ҳам тиббий текширувдан ўтказилмоқда.

Ҳамшира таътилини ўтказиш учун қаерга боргани маълум эмас. Шу билан бирга, ёрдамчи ҳамширанинг тана суюқлиги орқали юқувчи вирусни қандай қилиб юқтиргани ҳам қоронғу қолмоқда.

Шифохонада ҳимоя чоралари кучайтирилган бўлгани хабар қилинади.

Айни пайтда Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама мамлакатга учиб келаётган йўловчиларни текшириш режаларини эълон қилган.

Эбола туфайли аксари Ғарбий Африкада бўлган 3, 400 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02