Саудия подшоҳи дунёнинг энг қудратли мусулмони

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Уммондаги Қироллик Исломий Стратегик Тадқиқотлар маркази бу йил ана шундай хулосага келган.

Янги рўйхатда Ўзбекистонни бу йил яна мамлакат Бош муфтийси Усмон Алимов намоён этган.

Ўтган йил эса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов илк бор марказнинг "Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхатига тушганди.

Амалдаги "Дунёнинг энг қудратли мусулмони" бўлган Мисрдаги "Ал-Азҳар" университети Буюк шайхи ва масжидининг Бош имоми Аҳмад Муҳаммад ат-Тойиб ҳазратлари бу гал иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган.

Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий эса, бу йил ҳам юқори учликни тўлдирган жаҳондаги энг таъсирли мусулмон бўлган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, мисрлик Бош имом ўтган йили қудратлилик бобида, кетма-кет беш йилдирки, ҳаммадан ўзиб келган Саудия Арабистони подшоҳининг ўрнини эгаллаганди.

Марказ бу йил ҳам Иордания қироли Абдуллоҳни жаҳоннинг энг катта таъсирга эга тўртта мусулмонидан биттаси, деб топган.

Юқори ўнталик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дунёнинг энг қудратли элликта мусулмони рўйхатига кирган аёллар сони бу йил учтадан иккитага қисқарган.

Марказнинг янги рўйхатига фақат Суриядаги "Қубайсий" ҳаракати етакчиси шайх Мунира Қубайсий ва Иордания Қироличаси Рания ал-Абдуллоҳ тушишган, холос.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йилги рўйхатда ҳам юқори ўнликни сиёсий ва диний раҳбарлар тўлдиришган.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу гал ҳам ўтган йилгиси каби олтинчи ўринда келган.

Ўша пайтда Туркиянинг Бош вазири бўлган жаноб Эрдўғон бор-йўғи икки йил бурун марказ томонидан дунёнинг энг қудратли иккита мусулмонидан биттаси деб топилганди.

Бу йил ҳам юқори ўнталикдан жой олганлар сафида яна Марокаш подшоҳи, Ироқ Бош оятуллоҳи, Индонезия президенти, Уммон султони, Бирлашган Араб Амирликлари валиаҳд шаҳзодаси ва Покистондаги "Таблиғи Жамоат" диний гуруҳи раҳбари Амир Ҳожи Муҳаммад Абд ал Ваҳод ҳам бор.

Юқори элликталик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркиядаги "Нурчилар" оқими раҳбари Фатҳулла Гулен бу йил ҳам юқори ўнталикка киролмаган, аммо рўйхатда 14-ўринни эгаллаган.

Аллақачон янги рўйхатга тушиб улгурган Мисрнинг янги президенти Абдул Фаттоҳ Сисий эса, ундан бир поғона юқори ўринни эгаллаган.

Шунингдек, юқори элликталикда қатор Ғарб давлатлари томонидан "террорчи" ташкилот, деб тан олинган "Ҳизбуллоҳ" Бош котиби Саййид Ҳасан Насруллоҳ ҳам бор.

Ўз ўрнида, Фаластиндаги Ҳамас ташкилоти лидери Холид Машъал ҳам дунёнинг энг қудратли элликта мусулмони сафидан жой олган.

Алоҳида китоб ҳолида чоп этилувчи рўйхатда энг аввало дунёнинг элликта энг катта таъсирга эга мусулмони исм-шарифи келтирилади.

Аммо, бу йилги рўйхатга қаралса ҳам, уларнинг орасида бирор бир собиқ Шўро давлати вакили йўқ.

Қолган қудратлилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қолган Марказий Осиё давлатлари орасидан эса, бу йил қўшни Тожикистон ва Туркманистон президентлари ушбу рўйхатга тушишган.

Собиқ Шўро давлатларини яна Озарбайжон, Татаристон ва Чеченистон президентлари намоён этишган.

Дунёда энг катта таъсирга эга экстремистлар таснифига келганда эса, Сурия ва Ироқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий пешқадамлик қилган.

Дунёнинг энг қудратли 450 мусулмони 13 та тасниф бўйича аниқлаб олинади. Аммо уларга ўрин берилмайди.

Яъни мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари инобатга олинади.

"Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" йиллик рўйхати Уммонда жойлашган Қироллик Исломий Стратегик Тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилиб келинади.

Ушбу рўйхат 2009 йилдан буён Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда чоп этилади.

Бундан мақсад эса, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларнинг Ислом олами, мусулмонларнинг бугунги дунёга таъсири ва одамларнинг Ислом динини яхшироқ англашларига кўмак беришдир.

Бу мавзуда батафсилроқ