"Жиҳодий келинлар" ёки соф исломий ҳаёт орзуси

Хадича Даре
Image caption Хадича Даре Абу Бакрга турмушга чиқишдан олдин ғарблик маҳбусни қатл этган илк мужоҳид аёл бўлиш орзусини билдирган эди

Мактаб ўқувчиси Юсро Ҳусейн, университет талабаси Ақсо Маҳмуд ҳамда эгизаклар Салмо ва Заҳро Ҳаланеларнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлар Британияда мусулмон аёлларнинг радикаллашаётгани борасидаги хавотирларни кучайтириб юборди.

Британиядан 50 ила 60 нафар орасида ёш аёлнинг Туркия орқали Сурияга ўтиб Исломий Давлатга (ИД) қўшилгани тахмин қилинади.

Сурияга етиб боргач улар Қўшма Штатлар, Австрия, Франса, Нидерландия, Канада, Норвегия ва Швециядан келганбошқа аёлларга қўшилди.

Хўш, нега Ғарб давлатларидан бўлган аёллар ИД сафларига қўшилмоқда?

Юсро Ҳусейннинг радикаллашгани ёда Сурияга сафар қилгани аниқ бўлмаса-да, полиция бу эҳтимолни истисно этмайди.

Кўплаб бошқа аёллар ҳақидаги ҳикоялар эса Twitter, tumblr, LinkedIn ва ask.fm каби ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган.

Бу ҳикоялардан ижтимоий тармоқлар таъсири салмоқли экани маълум бўлади.

Ижтимоий тармоқларда аёлларга Сурияга бориш масаласида йўриқлар ва маслаҳатлар берилади.

ИД тарғиботи марказида эса Исломий ҳаёт ва жиҳодни улуғлаш туради.

Дастлаб кўп сонли аёллар Сурияга ИД сафларида жанг қилаётган эрлари ёнига йўл олдилар.

Мисол учун, Лондон жанубида яшаган Хадича Даре ИДнинг швециялик жангчиси Абу Бакрга турмушга чиқишга рози бўлиши ортидан Сурияга сафар қилган.

Унгача Хадича Twitter орқали ғарблик маҳбусни қатл қилган илк мужоҳид аёл бўлиш истагини билдирганди.

"Жиҳодий келинлар"

Кўп ҳолларда оила қуриш истаги муҳим рол ўйнайди.

Аммо баъзида интернет тармоқлари воситасида Сурияга саёҳат режаси тузилади.

Аёллар веб сайтлар орқали Сурияга борган пайтлари уларни кутиб оладиган ва бошқалар билан таништирадиган шахсларни осонлик билан топиб олишади.

Сўнгги пайтларда ғарб матбуоти Сурияга бориб, ИД жангчиларга турмушга чиққан аёлларга нисбатан "жиҳодий келинлар" атамасини қўллай бошлади.

Қизлари Сурияга кетган Франсадаги оилаларга суриялик эркаклар қўнғироқ қилиб, фарзандлари қўлларини сўрашган.

ИД жангчиларининг ижтимоий тармоқдаги ҳисобларига эса турмуш қуриш таклифи битилган саноқсиз номалар кела бошлаган.

Массачутес Университетининг Терроризм ва Хавфсизлик Тадқиқотлари Марказидан Миа Блумнинг ёзишича, аёлларга "тоза" Исломий Давлат аҳолисини оширишда "бола заводи"сифатида қарашади.

Аммо, бу ёш аёллар ўз жуфти ҳалолини топишни истамайди деган маънони англатмайди.

"Жиҳодий келин" ғояси ҳикоянинг бир қисми,холос.

Аёлларни Сурияга йўл олишга ундаган бошқа бир жиҳат ҳам бор.

Аёллар жиҳод ва янги Исломий Давлат қурилишида иштирок этиш орзусида ИДга қўшилмоқдалар.

Зўравонлик ва оилавий ҳаёт

Image caption Полиция Юсро Ҳусейн Сурияга ўтиб кетганини тахмин қилади

ИД раҳбари ҳақиқий Исломий Давлатни қуришда биргина мужоҳидларга таяниб қолгани йўқ.

У шифокорлар, муҳандису қурувчиларни ҳам ҳаракат сафларига чақирди.

Муслималарни бундай сиёсий лойиҳага қўшилишлари замирида шариат асосига қурилган тузумда яшаш орзуси ётади.

Бундай янги "давлат"да аёлларга турли вазифалар юклатилган.

Мисол учун, Суриянинг Раққа шаҳрида аёллар ал-Ханса номли гуруҳга қўшилишлари мумкин.

Хабарларга кўра, британиялик аёл асос солган ва фақат аёллардан ташкил топган ушбу гуруҳ "ахлоқ полицияси" вазифасини бажаради.

Интернетда елкаларига автоматлар осган, "шаҳидлик белбоғи"ни таққан ёда танасидан жудо қилинган бошни кўтариб турган аёллар суратлари тарқалган.

Аммо, шу билан бирга, улар таом пиширишади, уй юмушларини бажаришади, бир-бирлари билан давра суҳбатлари қуришади, фарзандларига қарашади ва энагалик қилишади.

Зўравонлик ва оилавий ҳаётнинг бундай қоришмаси кўпчиликка хуш келмаслиги мумкин.

Умм ал-Баро номи билан танилган малайзиялик шифокор аёл январ ойида Twitter орқали мана бу сўзларни ёзганди: "Бўйнимда стетоскоп, елкамда Калашников. Шаҳидлик энг буюк орзум".

Бундай шиорлар баъзи муслималарни ИД томон тортиши мумкин.

Аммо ундан итариб ташловчи омил ҳам бўлиши мумкин.

Содда романтизм

Мужоҳид аёллар ижтимоий тармоқларда бир ҳолатни алоҳида таъкидлашади: Ғарб давлатлари муслималарга ўз фуқароси сифатида қарамайди.

Мисол тариқасида Сурияда яшаётган ҳолланд аёли Хадича битикларини келтириш мумкин: "Мен доимо шариат ҳукмрон бўлган тузумда яшашни орзу қилардим. Оврўпода, бу ҳеч қачон бўлмайди."

Аёллар Ғарбнинг таназзулга юз тутгани, мусулмонларга чекловлар ҳақида гапиришади (мисол учун, Франсада бурқанинг тақиқланиши), ва сиёсий тузумни танқид қилишади.

Бироқ, парадокс шундаки, аёлларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари Қуръон оятлари билан безатилган эса-да, уларнинг кўпчилиги Суриядаги можаро ҳақида ёки шариат қонунлари ҳақида чуқур маълумотга эга эмаслар.

Ғарб давлатларидан ИДга қўшилиш учун Сурияга сафар қилган аёлларнинг ҳикоялари улар олган қарорлар ортида сиёсий ва шахсий сабаблар қоришмаси ётганини намоён этади.

Аммо, шу билан бирга, уларни содда романтизм билан ҳам изоҳлаш мумкин.