2014 йилги Нобель мукофоти - француз ёзувчиси Патрик Модианога

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Швециядаги Нобель қўмитаси 2014 йилги адабиёт мукофотига француз ёзувчиси Патрик Модианони муносиб топган.

69 ёшли Патрик Модиано тарихий ёзувчи сифатида танилган.

Асарларининг анчасида Франциянинг Олмония нацистлари томонидан босиб олинганини қаламга олган ёзувчини Нобель мукофоти қўмитаси "замонамизнинг Марсел Пруст"и деб атаган.

Нобель қўмитаси ўз қарорини шундай тасвирлаган: "тасаввур қилиш бўлган инсон тақдирларини ҳамда ишғолнинг ёритилмаган ҳаёт-дунёсини эсга туширадиган хотира санъати учун" мукофотланмоқда. "У бири-иккинчисининг акс-садоси бўлган кўплаб китобларни ёзган. Бу китоблар...хотира, ўзлик ва илҳом ҳақида".

Арафада бу йилги адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофоти қайси ёзувчига тақдим қилиниши борасида баҳслар қизиди.

Япон ёзувчиси Харуки Мураками ва кениялик ёзувчи, шоир ва драматург Нгуги ва Сионго номзодлари тилга олинди.

Бундан олдинги Нобель мукофотига муносиб топилган француз ёзувчиси Жан-Мари Густав Леклезио бўлганди.

У 2008 йили мукофотланган.

Франция Бош вазири Мануэл Валлс Патрик Модианони "шубҳасиз охирги йиллардаги энг буюк ёзувчи" деб атаган.

Патрик Модиано Париж чеккасидаги Булонь-Билланкорт шаҳарчасида бизнесмен ва актриса оиласида туғилган.

Унинг илк ҳикояси 1968 йилда нашр қилинган.

У Қатор нуфузли мукофотлар билан тақдирланган.

Патрик Модиано Париж шаҳрида истиқомат қилади, жуда кам интервью беради.

Ҳатто Нобель қўмитаси ҳам ўз қарори ҳақида хабардор қилиш учун жаноб Модианони топа олмагани ҳақида айтган.

Ёзувчига мукофот сифатида 800000 Швед кронаси, 1 миллион 100 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ берилади.

1901 йилдан 2014 йилгача адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан 111 ижодкор мукофотланган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ