‘Путинга қарши қўшиғи учун ҳибсга олинди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия президентига қарши қўшиқни қарийб бутун стадион куйлаган бўлса, ўйиндан кейин ишқибозларнинг юздан ортиқроғи қўлга олинган.

Бир-бирига уланиб кетган бу икки ҳодиса Беларус-Украина футбол учрашуви чоғида юз берган.

Икковлон кеча пайшанба куни футбол бўйича 2016 йилги Оврўпо чемпионати саралаш беллашувлари доирасида бир-бирларига қарши майдонга тушишганди.

Беларусдаги айрим нашрларнинг ёзишларича, Украинадаги президент Путинга қарши кайфиятларни ўзида рамзлантириб келаётган бу қўшиқни куйлашда маҳаллий ишқибозлар ҳам бас келишмаган.

Улар бу билан ҳам кифояланмай, “Украинага шон-шарафлар бўлсин”, дея ҳайқириб, украиналик меҳмонларга ҳамдард эканликларини билдиришган.

Худди шу шиор Киевнинг “Майдон”ида кечган бир неча ойлик оммавий намойишларнинг ўзига хос рамзига ҳам айланиб улгурганди.

Ўз ўрнида, илтифот бобида украиналик ишқибозлар ҳам мезбонлардан заррача қолишишмаган.

Улар бу каби “ҳамдардлик”ка жавобан “Яшасин Беларус”, дея қичқиришган.

Ҳибслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, айрим мухолиф интернет нашрларидаги хабарларга таянилса, шунча бақир-чақир билан кечган ўйин ортидан, 100 га яқин украиналик ва 30 нафар маҳаллий ишқибоз Ички ишлар бўлинмасига олиб кетилган.

Хабарларга кўра, улар “оғизларига ҳаддан зиёд эрк бериш”да гумон қилинишган.

Қўлга олинганлардан айримлари аллақачон маҳкамага юз тутишган.

Улардан бир нафари 10 кунлик, яна бир қанчасининг 5 кунлик қамоқ жазосига ҳукм этилишганига оид хабарлар бор.

Айрим хабарларда украиналик ишқибозларнинг ўз юртларига депортация этилишлари ҳам айтилади.

Бу - Путинга қарши мазмундаги қўшиқлар билан боғлиқ илк можаро эмас.

Шу йил июн ойида президент Путинни Киевдаги намойишчилар билан бирга қўшилишиб ҳақорат қилгани учун россиялик мулозимлар Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Дешицанинг истеъфосини талаб қилишганди.

Россиянинг ўзида эса, ҳали апрел ойидаёқ фильмлар, қўшиқлар ва умуман санъат намуналарида ҳақоратомўз сўзларнинг қўлланилиши қонунан тақиқлаб қўйилган.

Энг сўнгги хабарларга кўра, Украина Президенти Петр Порошенко ўз Ташқи ишлар вазирлигидан Беларусда қўлга олинган фуқароларининг ҳимоясини таъминлашини сўраган.

Стокгольмда эса...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Худди шу куни ва айни шу таснифдаги Швеция-Россия учрашуви олдидан Украина ва россиялик футбол ишқибозлари орасида муштлашув юз берган.

Ўйин арафасида “Friends Arena” стадиони ташқарисида Россия раҳбарияти сиёсатига қарши норозилик акцияси ҳам уюштирилган.

Хабарларга кўра, акция Швецияда яшовчи украиналиклар томонидан ташкиллаштирилган.

Бир гуруҳ россиялик ишқибозлар уларга қаршилик қилмоқчи бўлишган ва бунинг ортидан муштлашув бошланиб кетган.

Можарога маҳаллий полиция аралашиб, уларни ажратиб олган.

Бошқа бир хабарларда айтилишича, учрашув чоғида стадионнинг ўзида ҳам жанжал келиб чиққан.

Бунга россиялик футбол ишқибозларидан бирининг “Донецк Халқ Республикаси” байроғини кўз-кўз қилишга уриниши сабаб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ