Янги ҳисобот: Яшаш учун қаерга етмайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг хулосасига таянилса, ҳозир яшаш учун Австралиянинг Канберра шаҳрига етадигани йўқ.

Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас:

Ҳар томонлама одамларнинг кўнглини топган шаҳар сифатида Канберра дунёнинг қолган барча шаҳарларини ортда қолдирган бўлса, бу борада мамлакат ўлароқ Австралиянинг олдига тушадигани ҳам топилмаган.

Бу каби хулосага келиш учун ташкилотга аъзо 34 давлатнинг жаъми 362 шаҳридаги шарт-шароит синчиклаб ўрганиб чиқилган.

Ягона бир тўхтамга келиш учун одамларнинг даромади, таълим олиш, ишлаш имкониятлари, хавфсизлик, тиббий тизимнинг аҳволи ва теварак-муҳити қандай экани каби омиллар инобатга олинган.

Инсонларнинг яшаши учун зўр эканлик бобида Канберрадан ташқари, Австралиянинг Сидней, Мельбурн ва Перт шаҳарлари ҳам юқори ўнликка киришга муваффақ бўлишган.

Иқтисоди дунёда энг қудратлиси саналувчи бутунбошли Америка Қўшма Штатларини эса, юқори ўнталикда фақат Нью Ҳампшир ва Миннесота намоён этишган, холос.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, рисоладагидек яшаш учун энг нобоп деб топилган 10 шаҳарнинг барчаси Мексиканинг ҳиссасига тўғри келган.

Давлатларга келганда ҳам бу борада Мексика пешқадамлик қилган.

Ундан кейинги ўринларни Туркия, Можаристон, Польша ва Словакия эгаллашган.

Фақат ўзига аъзо давлатлардаги вазият ўрганилиши боис, Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг ҳисоботи кенг қамровли бўлмаслиги мумкин.

Аммо, шунда ҳам, ўнлаб дунё давлатларидаги яшаш даражаси таҳлил қилинувчи саноқлиларидан бири ҳисобланади.

Халқаро ташкилотнинг хулоса қилишича, Йиллик Ички Ялпи Маҳсулот Ишлаб Чиқариш кўлами каби макро-иқтисодий кўрсаткичлар оддий одамларнинг яшаш шарт-шароитларини ҳаққоний ва тўлиғича ифодалай олмайди.

“Одамларнинг рисоладагидек ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган омилларни яхшироқ кўрсатувчи маълумотлар эса, бу борадаги давлат сиёсатининг ишончлилиги ва демократиянинг ҳаётийлиги учун муҳим”, - дейилади ҳисобот сўнггида.

Бу мавзуда батафсилроқ