Малала Нобел Тинчлик мукофоти соҳибаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nobelprize.org

Толибоннинг ўқидан омон қолган покистонлик ёш фаол бу йилги Нобел Тинчлик мукофотини ҳиндистонлик болалар ҳуқуқлари фаоли Кайлаш Сатярти билан бўлишадиган бўлди.

Икковлон 1.1 миллион АҚШ долларига яқин мукофот пулини 10 октябр куни расман қабул қилиб олишади.

Малала Юсуфзай 11 ёшидан бошлаб Покистонда қизларнинг таълим олиши учун курашиб келган.

У 2009 йил бошларида Би-би-си Урду Хизмати учун ёзган кундаликлари билан ҳам тилга тушган.

Малала ўз кундаликларида Толибон назорати остида кечган ҳаётлари, қизларнинг таҳсилдан умуман мосуво этилганликлари ҳақида ҳикоя қилган.

2012 йилда худди шу фаолияти учун Толибоннинг қаҳрига учраб, оғир яраланган, аммо омон қолганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, қўмитанинг қарори ортидан, 17 ёшли Малала Юсуфзай Нобел Тинчлик мукофотининг энг ёш соҳибасига айланган.

2012 йилда бутун дунё бўйлаб ўн минглаб одамлар худди шундай даъват билан онлайн-петицияга ҳам имзо чекишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Улар ўз акциялари билан Нобел Тинчлик мукофотининг айнан Малалага берилишини талаб қилишганди.

Онлайн-петицияга британиялик фаол Шоҳида Чаудҳари бошчилик қилганди.

У “Нобел Тинчлик мукофотининг берилиши Малала дунёнинг эътиборида эканига далолат қилиши"ни баён қилганди.

Ўшанда Малаланинг отаси ҳам қизи Нобел Тинчлик мукофотига лойиқ, эканини даъво қилганди.

Бундан аввалги Нобель Тинчлик мукофоти Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига берилганди.

2011 йилда эса, Тинчлик бўйича Нобел мукофотига бирваракайига уч аёл: Либерия Президенти Эллен Жонсон Сирлиф, либериялик Лийма Гбоуи ва яманлик Тавакул Карманлар лойиқ, деб топилишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Нобел қўмитаси томонидан белгиланган меъёрларга жавоб берувчи ҳар қандай шахснинг номзоди ушбу мукофотга илгари сурилиши мумкин.

Аммо мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, номзодлар рўйхати кенг жамоатчиликка ошкор қилинмайди ва совриндорлар октябр ойида танланади.

Сўнгги йилларда турли ташкилоту шахслар томонидан Қозоғистон ва Россия президентларининг номзоди ҳам ушбу мукофотга илгари сурилган.

Жаноб Нурсултон Назарбоев эса, ҳатто, номзоди Нобел Тинчлик мукофотига қайта-қайта тақдим этилган илк Марказий Осиё президентига ҳам айланиб улгурган.

Аммо собиқ Шўро раҳбарлари орасидан фақат Михаил Горбачевгина уни қўлга киритишга муваффақ бўлган, холос.

Бу таснифдаги Нобел мукофоти одатда тинчлик йўлида эришилган ютуқлар учун топширилади.

Бироқ охирги йилларда қўмита тинчлик йўлида курашаётган инсонларни ҳам рағбатлантириш учун ўз номзодлари рўйхатини кенгайтирган.