Британия парламенти Фаластин давлатини муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Press Association

13 октябр куни Британия парламенти Фаластин давлатини тан олиш масаласи бўйича овоз беришни мўлжаллаган.

Британия парламентидаги ушбу муҳокама "тарихий овоз бериш" дея таърифланмоқда.

Ушбу овоз бериш рамзий бўлиб, Британия ҳукуматининг сиёсатига таъсир кўрсатмайди, бироқ халқаро таъсирга эга бўлиши айтилмоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, душанба куни ушбу масалани парламент аъзоларига Лейбористлар партиясидан Грехэм Моррис тақдим қилади.

Тақдимномани мухолифатдаги Лейбористлар партиясининг "соя ҳукумати" тўла қўллаб-қувватлаган.

Британия парламенти ушбу масалани Швеция янги ҳукумати Фаластинни давлат сифатида эътироф этгани ортидан муҳокамага қўйган.

Ўтган ҳафта Швецияда ҳокимиятга келган марказ-сўлчи ҳукумат Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олди.

Бу билан Швеция Фаластинни расман эътироф этган Оврўпо Иттифоқининг узоқ муддатли аъзоси бўлди.

Шу пайтгача Фаластинни дунёнинг 130 тача мамлакати тан олган.

Шу ҳафтада Франция Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси, Фаластинни давлат сифатида эътироф этиш келажакда ижобий қадам бўлади, деб айтган.

Исроил халқаро миқёсда Фаластинни давлат сифатида тан олинишига қаршилик кўрсатиб келади.

Исроилга кўра, Фаластинни давлат сифатида эътироф этишга ҳали эрта ва тан олиш Исроил билан Фаластин ўртасидаги тинчлик жараёнини издан чиқариши мумкин.

Фаластин расмийлари эса тинчлик музокаралари барбод бўлиб келаётгани сабабидан ҳам халқаро эътирофни қўлга киритиш йўлларини излашга мажбур бўлганлар.

Фаластин расмийлари ишонишича, янада кўп халқаро миқёсдаги эътироф Исроилга нисбатан босимни оширади.

Британиядаги Лейбористлар икки марта - 2011 ва 2012 йиллари Фаластиннинг Бирлашган Миллатлар ташкилотида давлат сифатида тан олиниши сўраб қилган мурожаати ортидан Британия ҳукуматини тан олишга чақириқлар билан чиққан эди.

2012 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин мақомини кўтарган, унга "аъзо бўлмаган кузатувчи давлат" мақоми берилган.

Ушбу қарорни Бош Ассамблеянинг 138 аъзоси ёқлаб овоз берган, 41 мамлакат, шу жумладан, Британия ҳам бетараф қолган.

10 октябр куни Қуддуси Шарифдаги уч Насроний черкови руҳонийлари Оврўпо ҳукуматларига очиқ хат эълон қилганлар, бу очиқ хатда Фаластинни давлат сифатида, Шарқий Қуддусни эса унинг пойтахти сифатида тан олишга чақирганлар.

Мактубга Катаолик черковининг Қуддусдаги собиқ Латин патриархи Майкл Саббах, Юнон Ортодокс архиепископи Себастия ва Лютеран Жаҳон Федерацияси президенти епископ Муниб Юнан имзо қўйганлар.

Қуддуснинг жорий Латин патриархи Фуад Твал очиқ мактубга имзо чекмаган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ