'Стратегик муҳим Анбар вилояти 'Исломий Давлат' назоратига ўтиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ироқнинг ғарбий Анбар вилояти расмийлари зудлик билан ҳарбий кўмак кўрсатишга чақирганлар, акс ҳолда ҳудудни "Исломий Давлат" жангарилари босиб олиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

"Исломий Давлат" Анбар маркази бўлган Рамади шаҳрига ҳужумларини давом эттираётгани, бу атрофдаги Ироқ армияси базаларини қўлга киритгани ҳақида хабарлар олинган.

Анбар стратегик муҳим вилоят ҳисобланади.

Вилоят ҳудудида Ироқнинг иккинчи йирик сув омбори Ҳадиса жойлашган.

Анбарни қўлга киритиши билан "Исломий Давлат" Ироқ билан Сурияни боғлайдиган янада катта ҳудуд устидан назорат ўрнатиши мумкин.

Исломий жангариларга Ироқ пойтахти Бағдодга ҳужум қилиш учун зарур қурол-яроғ таъминоти йўли очилиши мумкин.

Америка расмийлари ҳам Анбар вилоятидаги вазият ўти жиддий эканини тан олганлар.

Анбар вилояти парламенти аъзолари Ироқ ҳукуматига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бу мурожаатда "Исломий Давлат" жангариларига қарши курашда АҚШ ўзининг пиёда қўшинларини юбориши сўралган.

Бош вазир Ҳайдар Абадий Ироқ ҳудудига хорижий қўшинлар киритилишига қарши бўлиб келади.

Бундан олдин Америка ҳаво ҳужумлари "Исломий Давлат"ни Ҳадиса тўғонини қўлга киритишдан қайтариб қолган эди.

Шундай бўлса-да, жангарилар вилоятнинг бошқа ҳудудларини босиб олишга муваффақ бўлган.

Анбар вилояти кенгаши вице-президенти Фалеҳ ал-Иссавий айтишича, халқаро ҳамжамиятнинг бутун эътибори Сурия-Туркия чегарасидаги Кобани шаҳрига қаратилганидан фойдаланиб "Исломий Давлат" Анбарга ҳужумларини кўпайтирган.

Ироқ вилояти яқин 10 кун ичида "Исломий Давлат" қўлига ўтиши мумкин, дея огоҳлантирган жаноб Иссавий.

Ироқ ва курд жангчилари қиёси

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Франс Пресс" ахборот агентлигига ўз номи ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган АҚШ ҳарбийси Ироқ армияси қудратига салбий баҳо берган.

Америкалик ҳарбийга кўра, курд жангарилари қўлдан бой берган ҳудудлари учун жангга киришадилар, ўзларининг шаҳарларини қайта босиб оладилар.

Ироқ армияси эса ҳарбий амалиётни бошлайди, лекин бир километрдан кейин тўхтайди, деб айтган америкалик ҳарбий.

Айни пайтда Суриянинг Кобани шаҳри учун жанглар давом этмоқда.

АҚШ етакчилигидаги коалициянинг ҳаво ҳужумларига қарамасдан, "Исломий Давлат" Кобани атрофини ўраб олишга муваффақ бўлган.

10 октябр куни БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан ди Мистура Кобани шаҳрида 700 тача кекса киши қамалиб қолгани ҳақида айтган ва уларнинг тақдиридан хавотир билдирган.

Агар "Исломий Давлат" шаҳарни қўлга киритса, қарияларни қирғин қилиши мумкинлигини айтган.

Жангариларга қарши урушаётган курд жангчилари эса Кобанини қайта қўлга олиш учун ўзларига зудлик билан қурол-яроғ зарурлигини айтмоқдалар.

Қўшни Туркия эса "Исломий Давлат"га қарши ўзининг қуруқлик қўшинларини якка ўзи сафарбар этиш истагида эмас.

Шунингдек, Туркия ўзи узоқ йиллар давомида қуролли кураш олиб борган курд жангариларини қуроллантиришни ҳам истамайди.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ