Турк учоқлари ПККни бомбалади

Туркиянинг F-16 ва F-4 қирувчи учоқлари Ироқ чегараси яқинида жойлашган Ҳаққони вилоятидаги Курдистон Ишчилар партияси (ПКК) нишонларини бомбалаган.

Ҳар икки томон 2013 йил мартидан буён ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга амал қилаётганди.

Турк матбуотининг ёзишича, жануби-шарқий Доғлижа қишлоғига уюштирилган ҳаво зарбалари "оғир талофатлар" га сабаб бўлган.

Курдлар Туркия Суриянинг Кобани чегара шаҳрини "Исломий давлат" жангариларидан ҳимоя қилишга ёрдам бермаётганидан ғазабда.

Душанба куни шунингдек, Туркия жанубидаги Тунжели минтақасида турк армияси билан ПКК жангарилари ўртасида тўқнашувлар юз бергани хабар қилинган.

Туркия ҳарбийлари Доғлижадаги ҳаво зарбалари ПККнинг айни ҳудуддаги ҳарбий-ўтиш нуқтасига уюштирган ҳужумига жавоб амали эканини айтишган.

"Ҳуррият" рўзномасининг ёзишича, ПКК уч кун давомида ҳарбий-ўтиш нуқтасини оғир қуроллардан ҳужумга тутган.

Намойишлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Курдлар Туркия Кобанини ҳимоя қилмаётганидан ғазабда

Ўтган ҳафта Туркиянинг курдлар кўпчиликни ташкил этувчи жануби-шарқий вилоятларида оммавий норозилик чиқишлари юз берган.

Кўча тўқнашувларида камида 31 киши ҳалок бўлган.

Армия айрим минтақаларда комендантлик соатларини жорий этган.

Аммо баъзи тўқнашувларнинг ПКК тарафдорлари билан "Исломий давлат"га хайрхоҳ курдлар ўртасида кечгани айтилмоқда.

Туркия ПККни террорчи ташкилот деб билади ва унинг раҳбари Абдуллоҳ Ўжалан қамоқда.

Кўпгина ғарб давлатлари томонидан ҳам "террорчи ташкилот" деб эътироф этилган Курдистон Ишчилар партияси 30 йилдан буён Туркия шарқида мустақил курд давлати барпо этиш учун урушиб келади.

Урушда ҳозирга қадар 40 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Кобани

Суриянинг ўзида "Исломий давлат" га қарши урушаётган курд жангчилари Кобани шаҳридаги тепалик устидан назоратни қайта қўлга олганликларини айтишган.

Хабар қилинишича, курдлар тепаликни АҚШ ва иттифоқчиларининг ИДга қарши ҳаво зарбалари ортидан қўлга киритишган.

"Исломий давлат" жангарилари Кобани ғарбидаги Тил Шеир тепалигини бундан 10 кун муқаддам забт этишганди.

Бу уларга шаҳарни тепаликдан туриб ўққа тутиш имкониятини яратган.

Кобанининг қуршови қарийб бир ойдан буён давом этади.

'Қасос амали'

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Халқаро Амнистия"га кўра, шиа жангарилари суннийлардан ўч олмоқда

Айни пайтда "Халқаро Амнистия" инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, Ироқдаги шиа жангарилари кўплаб сунний мусулмонларни ўғирлаб кетган ва қатл этганлар.

Ташкилот ушбу қотилликларнинг "Исломий давлат"дан ўч олиш ҳаракатлари эканини тахмин қилади.

"Халқаро Амнистия"нинг ҳисоботида айтилишича, Бағдод, Самарра ва Киркук шаҳарларида шахси аниқланмаган кўплаб жасадлар ҳануз қўлига кишан солинган ва бошидан отилган ҳолда топилган.

Ташкилот шиа жангарилари мамлакатдаги бошбошдоқликдан фойдаланганини айтган ва Ироқ ҳукуматини қонун устиворлигини ўрнатишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ