Эбола жаҳонга "мисли кўрилмаган" даражада тарқалиши башорат қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Эболага қарши кураш бўйича бош расмийсига кўра, дунё бу вирусни жиловлаш пойгасида ортда қолаяпти. Унинг башорат қилишича, декабрь ойигача яна минглаб одамлар Эболани юқтиради.

"Эбола биздан тезроқ ҳаракат қилаяпти ва пойгада устун келаяпти", - деди Антони Банбери БМТ Хавфсизлик Кенгашига.

Айни дамда АҚШнинг Техас штатидаги ҳамшира қандай қилиб Эболани юқтиргани борасида тобора кўп саволлар сўралмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, мазкур вирус авж олганидан бери 4447 одамни ўлдирди. Қурбонларнинг аксари Ғарбий Африкада бўлган.

Ўтган йил декабрида бошланган, бироқ март ойигача тасдиқланмаган вирус Сиерра Леоне, Либерия ва Гвинеяга энг кўп таъсир қилган.

"Мисли кўрилмаган вазият"

АҚШ Президенти Барак Обама сешанба куни қилган чиқишида жаҳон Эболани жиловлаш йўлида етарли чораларни кўрмаётганини айтди.

Оқ Уйнинг билдиришича, чоршанба куни Обама Эбола инқирозини британ, француз, олмон ва италян раҳбарлари билан видео анжуманда муҳокама қилади.

Жаноб Банбери БМТ Хавфсизлик Кенгашига Ғарбий Африкадан видео орқали қилган мурожаатида агар Эбола ҳозироқ тўхтатилмаса, жаҳон "мисли кўрилмаган вазият"га юз тутиши ва бу каби вазиятни ўнглашга ҳеч қандай режа ишлаб чиқилмаганини айтди.

У кўпроқ муолажа марказлари қурилиши ва кўпроқ тиббий ходимлар ёлланиши учун кўпроқ молия зарур эканини урғулади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти башоратига кўра, агар халқаро чоралар кучайтирилмаса, икки ой ичида Эболанинг тарқалиш даражаси бир ҳафта ичида 10 минг одамга чиқиши мумкин.

Your contact details
Disclaimer