Фотожурналист: 'Мен ўлимдан қўрқмайман...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Вероника де Вигери сўнгги бор жангариларнинг пайига тушган пайти ҳомиладор бўлган

Сўнгги 10 йил асносида франсалик Вероника де Вигери дунёнинг энг таҳликали нуқталарига бориб, суратлар олиб қайтишга муваффақ бўлган. У Афғонистондаги Толибон ҳаракати, Сомалидаги денгиз қароқчилари ичига кира олган. Жанубий Судандаги исёнчилар билан учрашган. Охирги сафари пайти у тўнғич қизига ҳомиладор бўлган. Бундан ташқари, Вероника Ироқ, Нигер, Мексико, Гватемала, Ливия ва Покистон каби мамлакатларда ўз ҳаётини таҳлика остига қўйиб фаолият юритган фотожурналистдир. Унинг ишлари Оврўпо ва АҚШдаги газета-журналларда чоп этилган. Би-би-си фотожурналистни суҳбатга тортиб, дунёнинг энг хатарли жойларида ишлашга ўзида қандай куч топа олгани билан қизиққан. Аввалига Би-би-си: "Сиз ҳар доим фотожурналист бўлишни орзу қилганмисиз", деб сўраган.

Вероника де Вигери: Мен аввалига армия сафига қўшилишни истардим. Отамга кўра эса, бу жуда ёмон фикр эди. Кейин мен ҳуқуқшунос бўларман, деб ўйладим. Аммо, ундан ҳам кўнглим тўлмади. Кейин сураткашлик курсларига қатнадим.

Би-би-си: Таҳликали, зўравонликлар кечаётган ҳудудларда суратлар олиш доим сизнинг орзунгиз бўлганми?

Вероника де Вигери: Йўқ, ундай эмас. Болалигимда мен қуёш ботишини суратга олишни ўрганганман. Аммо, талабалик йилларимда мен илк бор Афғонистонга бордим ва у ерни севиб қолдим. Кейин имкон қадар тезроқ у мамлакатга қайтиб боришга қарор қилганман.

Би-би-си: Афғонистонни нимасини бу қадар яхши кўриб қолгансиз?

Вероника де Вигери: У мен учун параллел бир дунё эди. Мен билган дунёга мутлақо ўхшамасди. Ҳамма нарса ўзгача эди; вақт, одамлар, табиат манзаралари... барча-барча нарса мен учун кашфиёт эди.

Би-би-си: Аммо, шу билан бирга Афғонистон хатарли мамлакат эканидан ҳам бохабар бўлган бўлсангиз керак?

Вероника де Вигери: Ҳа, аммо хатар мен учун ҳар доим ҳаяжонли бир нарса эди.

Би-би-си: Сиз Кобулдаги интернет кафега қилинган ҳужумда қарийб бир ўлимдан қолгансиз. Ўшанда нималар бўлганини айтиб берасизми?

Вероника де Вигери: Кобулдаги ҳодиса 2005 йил май ойида юз берганди. Ҳар кунгидек, мен интернет кафега бориб, олган аксларимни компютерга ўтказмоқчи бўлиб тургандим. Ўша пайт қаттиқ портлаш овозини эшитдик. Шифт бошимизга қулаб туша бошлади. Биз ҳеч нарсани кўра олмасдик. Мен дўстим билан бирга эдим. Аввал ундан ҳол-аҳвол сўрадим. Кейин худкушлик ҳужуми уюштирилганини англадик. Ҳодисада 5 киши ҳаётдан кўз юмганди. Бизнинг бахтимиз кулиб омон қолдик.

Би-би-си: Ўшанда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз? Хавфсизроқ жойга имкон қадар тезроқ чиқиб кетишим керак деб ўйлаганмисиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Толиблар... (Вероника де Вигери олган сурат)

Вероника де Вигери: Йўқ. Бу нотўғри жойга бевақт бориб қолгандек гап эди. Гап шундаки, мен ўлимдан қўрқмайман. Мен кўпроқ ҳаётимни истаганимдек яшай олмасликдан қўрқаман. Агар мен ишимни охирига етказмай, Франсага қайтиб кетсам, бу мен учун эрта ўлим бўлган бўларди.

Би-би-си: 2006 йил сиз бир гуруҳ Толибон жангчиларининг ишончини қозонишга муваффақ бўлгансиз. Сиз бу каби гуруҳнинг фаолиятини кузатишга изн берилган биринчи ғарбликлардан бўлгансиз. Уларга қўшилиш учун рухсатни қандай қилиб олишга муваффақ бўлгансиз?

Вероника де Вигери: Мен уларни яхши биладиган одамни танир эдим. У ҳаракат воизидан оврўполик журналист толиблар билан учрашиши мумкинми, деб сўради. Жавоб бир неча ҳафтадан кейин келди ва улар бизга "ҳа", дейишди.

Би-би-си: Шартлар қандай эди? Нималар бўлганини айтиб берасизми?

Вероника де Вигери: Аввалига биз Кобулдан Ғазнига боришимиз керак эди. Кейин келишилган жойда толибларни кутиб турдик. Бурқа кийиб олгандик. Кейин машинага ўтирдик ва чанг кўчалар бўйлаб ўтдик. Бир нуқтада икки мотоцикл бизга ҳамроҳлик қила бошлади. Уларнинг ҳар бирида қўлларида қуроллари бўлган иккитадан одам бор эди. Кейин улар бизни тўхтатишди. Қўрқиб кетгандик ўшанда, чунки биз нима учун тўхтатилганимизни билмасдик. "Бу қопқонми?" деган хаёлга ҳам бордик. Аммо, улар биздан қўл телефонларимизни сўрашди. Яна йўлга тушдик. Қуёш ботгунга қадар юрдик. Бизни 50га яқин жангчи кутиб турарди. Етиб борган пайтимиз намоз вақти кирганди. Улар намоз ўқий бошлашди. Кейин бизга воситачилик қилган одам Толибон раҳбари билан гаплашди. У розилик билдирди. Аммо, кеч бўлиб қолганди. Қўмондон эртага келишни ва кундуз куни суҳбатлар уюштиришмиз ва суратлар олишимиз мумкинлигини айтди.

Би-би-си: Эртасига иттифоқ кучлар патрул хизмати ҳудудга борган ва толиблар сизларни жосус деб шубҳалана бошлашган, шундайми?

Вероника де Вигери: Худди шундай. Иттифоқ аскарлари у ерда патруллик қиларди. Икки соатча вақт жуда асабий ўтди. Чунки, агар иттифоқ кучлари ҳужум қилганида Толибон бизни жазолаган бўларди. Биз қўшинлар тезроқ ўтиб кетсин, деб дуо қилардик.

Би-би-си: Толибларни суратга тушишга кўндириш қанчалар қийин бўлганди?

Вероника де Вигери: Улар жуда ёш толиблар эди. Ҳаммаларида қўл телефонлари, баъзиларида Бритни Спирс рингтонлари бор эди. Улар биз билан ўз суратларини олишга тушишди. Аммо, биринчи ярим соат, 40 дақиқа анча танг кечди. Ҳамма бир-бирига қараб турар, ҳеч ким бирон иш қилишга журъат қилолмасди. Кейин мен камерамни олиб уларни суратга ола бошладим ва суратларни ўзларига кўрсатдим, шундан сўнг, вазият бироз юмшади.

Би-би-си: Сиз 2008 йил Сомали денгиз қароқчилари билан учрашгансиз. Улар мавзуни ёритишга келаётган одам аёл эканидан ҳайратга тушишганми?

Вероника де Вигери: Улар ҳайрон бўлишган. Қароқчилар бошлиғи ўртадаги воситачи билан гаплашганда унинг дўстларидан бирини қабул қилишга рози бўлган. "Дўст" деб айтилган одам оқ танли аёл бўлиб чиққанидан ҳайратга тушган, тўғрироғи, у донг қотиб қолганди. Аммо, бўлар иш бўлган, бирон нарсани ўзгартиришга кеч эди.

Би-би-си: Сиз кўпда "иблис" сифатида таърифланадиган одамлар билан жуда яқиндан кўришгансиз. Бу сарлавҳаларни битадиган журналистлар фойдаланадиган сўзми, яъни асл ҳолат биз тасаввур қилгандан кўра мураккаброқ дейиш мумкинми? Дейлик, Толибон жангариси ё-да, Сомали қароқчиси мисолида гапирадиган бўлсангиз...

Вероника де Вигери: Худди шундай. Мен айтмоқчи бўлаётган гап ҳам шу. Ҳамма нарсани оқ-қора рангларда кўришни тўхтатинг. Мен бу исёнчилар, инқилобчилар билан учрашар эканман, улар ҳақида билиш, уларни яхшироқ таниш керак, деб ўйлайман. Бу одамлар ҳақида яхшироқ билгандан кейингина бирон бир ишга қўл уриш мумкин. Аммо, бу улар қилаётган ишларни оқлаш эмас. Балки, ўқувчи-муштарийларга ҳақиқий воқеликни кўрсатиш.

Би-би-си: Аммо, сиз бундай ҳикояларни олиш учун ҳаётингизни хавф остига қўясиз. 2012 йил Жанубий Суданга борган пайтингиз бир неча ойлик ҳомилангиз бўлган. У ерда исёнкорларга қарши курашаётган деҳқонлар билан кўришгансиз. Гуруҳингиздан бир одам отиб ташланган. Сиз у пайт туғилмаган болангизнинг ҳаёти ҳақида ўйламаганмисиз?

Вероника де Вигери: Ўйлаганман. Аммо, мен улар билан аввал ҳам учрашгандим. Ўшанда жангарилардан жабр кўрган 17 ёшлик қиз билан кўришганман. Ўғил чақалоғи бор эди. У бизга ўғирлаб кетилиб, жинсий зўрлангани ва ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида гапириб берганди. Аммо, у қочишга муваффақ бўлган. Тўққиз ойлик ҳомиласи билан у сувсиз, бирон бир егуликсиз ҳафталаб ўрмонда юрган. Мен бу ишни олишдан олдин уни эслаганман. У буни уддалабдими, мен ҳам бу ишни қила оламан, деб ўйлаганман.

Би-би-си: Ҳозир икки нафар ёш болангиз бор. Бу ҳолат сизни уруш жойига боришдан олдин ўйлаб кўришга ундамайдими?

Вероника де Вигери: Йўқ. Мен ҳали ҳам у ерларга бориш, ҳодиса жойидаги одамлар билан учрашиш жуда муҳим деб қаттиқ ишонаман. Ва бу ишни ҳеч қачон тўхтатмасам керак.

Би-би-си: Ўзингизга бирон кор-ҳол бўлиши ва болаларингизнинг онасиз қолишидан қўрқмайсизми?

Вероника де Вигери: Албатта, ўйламан. Айниқса, ҳозир "Исломий Давлат" жангарилари билан боғлиқ ҳодисалар туфайли сурат олишдан олдин бу шунча хатарга арзийдими-йўқми деб тарозига солиб кўрсам керак. Олдинлари сурат керакми, тўғридан-тўғри кетаверар эдим.