Путин Порошенко билан учрашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи STsegolko

Россия Президенти Владимир Путин Миланда украиналик ҳамкасби Пётр Порошенко ва Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари билан украин инқирозини муҳокама қилган.

Путин ва Порошенко жума куни эрталаб, нонушта устида учрашганлар.

Ўнинчи "Осиё-Оврўпо" саммити доирасидаги музокараларда шунингдек, Буюк Британия, Франция, Олмония, Италия ҳамда Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари ҳам иштирок этишган.

Музокаралар арафасида Путин АҚШ ва Оврўпо Украина масаласида ўзини "шантаж қилолмасликлари"ни айтган.

У Украинани Оврўпога газ таъминоти учун "хавф" деб атаган.

'Россиянинг масъулияти'

Музокаралардан сўнг гапирган Италия Бош вазири Маттео Ренци Украинадаги инқирозга барҳам бериш борасида "анча умидбаҳш" эканини айтган.

Аввалроқ Порошенко Олмония Канцлери Ангела Меркел билан ҳам учрашган.

Ҳар икки раҳбар ўтган ой Минскда имзоланган тинчлик режасининг айрим бандлари ҳанузгача бажарилмаганидан "таассуф" изҳор қилишган.

Меркел хоним тинчлик режасининг амалга тадбиқ этилиши "биринчи навбатда Россиянинг масъулияти" эканини айтган.

Меркел ва Путин ўртасидаги учрашув режаланганидан тўрт соат кейин амалга ошган.

Икки раҳбар тунда икки ярим соат мобайнида украин инқирозини муҳокама қилганлар.

Кремл воизи инқирознинг асл сабаблари борасида фарқли қаршлар сақланиб қолаётганини айтган.

Ғарб Россияни бўлгинчиларни қуроллантириш ва Украинага мунтазам қўшинларни йўллашда айблаб келади.

Москва эса буни рад этади.

Шу ҳафта бошида Путин Украина чегарасидаги 18 мингга яқин Россия қўшинларини доимий базаларига қайтариш ҳақида буйруқ берган.

Аммо НАТО рус қўшинлари чекинганини рад этмоқда.

Шу йил апрелида Украина шарқида жанглар бошланганидан буён 3600 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ