'Малайзия учоғини бўлгинчилар уриб туширган'

Image caption Spiegel га кўра, Олмония жосуслик хизмати қатъий хулосага келган

Украинанинг Донецк вилояти осмонида ҳалокатга учраган Малайзиянинг Боинг йўловчи учоғини россияпараст бўлгинчилар уриб туширган.

Бу ҳақда Spiegel журнали олмон федерал жосуслик хизмати-DND раҳбарига таяниб хабар тарқатган.

Олмонияда чоп этиладиган журналнинг ёзишича, DND бу борадаги батафсил ҳисоботини Бундестагнинг махсус хизматлар фаолиятини назорат қилувчи махфий қўмитасига тақдим этган.

MH17 парвозини бажарган учоқнинг қулаши ҳақида DND раҳбари Герхард Шиндлер томонидан тақдим этилган ҳисоботга кўпгина ҳужжатлар, жумладан, сунъий йўлдош қайдлари ва фотосуратлар илова қилинган.

Spiegelнинг ёзишича, исёнчилар Украина ҳарбий базаларидан бирида қўлга киритилган "Бук" русумли зенит-ракета комплексидан фойдаланишган.

Герхард Шиндлер унинг идораси қатъий хулосага келганини айтган.

"Бу россияпараст бўлгинчилар бўлган", дея олмон жосуслик хизмати раҳбаридан иқтибос келтиради Spiegel.

Олмония Федерал прокуратураси вакили прокуратура бу иш юзасидан тергов бошлагани, чунки гап номаълум шахслар томонидан содир этилган ҳарбий жиноят ҳақида бораётган бўлиши мумкинлигини айтган.

Би-би-си ҳозирча ушбу маълумотнинг мустақил тасдиғига эга эмас.

17 июл куни юз берган учоқ ҳалокатида 298 инсон қурбон бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ