Кобани: АҚШ курд жангчиларига ҳаводан қурол-аслаҳа ташлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Pentagon

АҚШ ҳарбий учоқлари Суриянинг Кобани шаҳрида Исломий Давлат (ИД) жангариларига қарши курашаётган курд жангчиларига ҳаводан қуроллар, ўқлар ва тиббий захираларни ташлаганлар.

Мухбирларга кўра, АҚШнинг курд жангчиларига ёрдамидан Туркия ғазабланиши мумкин.

Якшанба куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған курд жангчилари Америкадан қурол-яроғ олишига йўл қўймаслигини айтганди.

Туркия Кобанидаги қурд жангчиларини Курд Ишчилар Партиясига ўхшаш "террорчилар" дея қоралаб, уларга ёрдам беришдан бош тортган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Марказий қўмондонлиги ўз баёнотида мазкур амалиёт "Кобанини босиб олишга уринаётган ИДга қарши курашни таъминлаш"ни мақсад қилиб олганини билдирди.

Айни дамда Америка ҳарбийларининг Туркия чегарасига яқин ҳудуддаги ҳаводан ҳужумлари ИД жангариларининг ортга чекинишларига сабаб бўлиб келмоқда.

Марказий қўмондонликка кўра, октябр ойи бошидан бери АҚШ кучлари Кобанидаги ИДга қарши 135 марта ҳаводан ҳужум уюштирганлар.

Бироқ, мазкур ҳужумларга қарамай, қўмондонлик Кобани ҳали ҳам ИД жангариларига қўлига ўтиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилди.

Your contact details
Disclaimer