'Исломий Давлат' қул бозорида

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Жимо қилиш учун жория сотамиз!".

Лондон марказидаги майдонда овозкучайтиргич тутган олачипор салладаги мужоҳид харидор чорлаб қичқиради.

"Бугун тўрт аёл сотилади. Улар насроний, язидий ва курд қизлари!" - давом этади жангари.

Ортида эса қўлларига кишан солинган, қоп-қора чодрага бурканган тўрт аёл турибди.

Бу - аслида саҳналаштирилган норозилик.

Британиядаги қатор шиа ва курд мусулмонлари Ироқ ҳамда Сурияда урушаётган "Исломий Давлат" амалларини шу йўл билан қоралаб чиқмоқдалар.

Саҳна ортидаги ҳақиқат

Мазкур саҳналаштирилган норозилик амалиёти ҳаётий ҳақиқатларга асосланган.

"Исломий Давлат" Ироқ ва Суриянининг қатор ҳудудларида ўз назоратини ўрнатаркан, у ердаги сунний бўлмаган жамоаларни нишонга олмоқда.

Эркаклар ўлдирилмоқда, аёллар эса уруш ўлжаси сифатида қул қилиниб, ё бозорда сотилмоқда, ё мужоҳидлар қўлида жинсий таҳқирланмоқда.

Image caption Адла ва қишлоқдошлари "Исломий Давлат" қўлида таҳқирланган.

Би-би-си бир неча муддат "Исломий Давлат" назоратига ўтган қишлоқда яшаган Адла исмли язидий аёл билан қочқинлар жамлоғида суҳбатлашганди.

Ёш болали Адла ўзи ва қишлоқдошлари бошидан ўтган воқеаларни гапиришга ҳам қийналарди.

"Мужоҳидлар кунора уйларимизга келиб, рўмолимизни ечтиришарди ва ўзларига ёққан қиз-жувонларни сочидан судраб олиб кетишарди. Биз уларга нима бўлганини билмаймиз" - дейди Адла.

Яқиндаги кексароқ аёл эса оҳ чекиб, сочини юларди. Унинг икки нафар ўсмир қизини мужоҳидлар олиб кетишган. Ҳозир қаердалиги номаълум.

"Ҳатто тўққиз яшар қизалоқларни ҳам зўрлашмоқда" - дейишади аёллар.

Ироқ ва Суриянинг "Исломий Давлат" қўлига ўтган ҳудудларида яшовчи юзлаб насроний, язидий, шиа, курд ва туркман хотин-қизлари бошига ана шундай фожеалар тушмоқда.

Уларнинг ягона айби - сунний мусулмон эмаслиги, холос.

Дин ё сиёсат?

Яқинда Ироқ президентига мурожаат этган язидий депутат аёл йиғлаб, ёрдам сўради.

"Эркакларимизни сўйишмоқда, қизларимизни қул қилиб бозорда сотишмоқда. Ёрдам беринг!" - дея Ироқ Президентига мурожаат этган тасвирлар интернетда қўйилди.

Аммо Ироқ ҳукумати аксарият фуқароларига ёрдам беришга қодир эмас. Бу ҳукумат ташқи ёрдамсиз ҳатто ўзини ҳам тўлиқ ҳимоя қила олиши амримаҳол.

Ғарб ишғоли ортидан юзага келган вайронагарчилик ва ички низолар мамлакатни заифлаштирган ва тарқоқ ҳолга келтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Исломий Давлат" сунний бўлмаган аёлларни уруш ўлжаси, деб билади.

АҚШ бошчилигидаги ишғолдан кейин Ироқдаги шиа озчилиги ҳокимият тепасига келди ва шимолда курдлар деярли мухторият барпо этдилар.

Бу эса Саддам Ҳусайн даврида мамлакатни бошқарган сунний озчиликни ғазаблантирмай қолмади.

Суннийлар сўнгги йиллари ўз ҳақ-ҳуқуқлари камситилиб, иккинчи даражали одамларга айлайниб қолишаётганидан ҳам шикоят қила бошлашганди.

Шу боисми, дабдурустдан ўртага чиққан "Исломий Давлат"ни Саддам Ҳусайн давридаги даҳрий ва дунёвий суннийлар ҳам қўллай бошлашган.

Сабаби, суннийларнинг тенг ҳуқуқлилик талаб қилиб чиққан қатор намойишлари шиалар етакчилигидаги Ироқ ҳукумати тарафидан рад этилганди.

Оқибат - Ироқ бугун ўта мутаассиб ва шафқатсиз жангари гуруҳ қаршисида қолмоқда.

Турли дин ва миллат вакиллари яшаб келган Ироқ ҳамда Сурия каби давлатларда ҳукуматлар тинчликни сақлашга қаттиқ интилиб келишган. Лекин кўп ҳолларда бу тинчлик қўрқув, зулм ва куч эвазига таъминланган.

Афтидан, на Саддам Ҳусайн, на жорий ҳукумат ва на "Исломий Давлат" бу заминдаги барча дин ва миллатлар тенглигини ҳисобга олмаган кўринади.

Бу мавзуда батафсилроқ