Total ширкати раҳбари ўлимига 'жиноий масъулиятсизлик' сабабчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия терговчилари хабар қилишича, Total ширкати раҳбари Кристоф де Маржери ўлимига олиб келган учоқ ҳалокатига қор тозаловчи машина ҳайдовчисининг мастлиги сабаб бўлган.

21 октябр тонгида Москванинг Внуково аэропортидан ҳавога кўтарилаётган Франциянинг нефт ишлаб чиқарувчи Total ширкати директорлар кенгаши раҳбари Кристоф де Маржери ўтирган учоқ қор курайдиган машинага урилган ва ёниб кетган.

Оқибатда Falcon-50 хусусий учоғида бўлган тўрт инсон ҳалок бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Тергов қўмитаси текширув бошлаган.

Тергов қўмитаси қор тозалайдиган машинанинг ҳайдовчиси маст бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Россия Тергов қўмитаси вакили хабар қилишича, Falcon-50 учоғини аэропортдан ҳавога кўтарилишини энди иш ўрганаётган стажёр диспетчер амалга ошираётган бўлган.

Тергов қўмитаси қор куровчи машина ҳайдовчиси ҳисбга олинганини хабар қилган.

Тўқнашув оқибатида қор тозаловчи жиддий жароҳатланмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳибсга олинган пайти у маст эканига иқрор бўлмаган.

Тунда Москвага қалин туман тушган.

Терговчилар ҳалокатга учраган учоқ "қора қутиси"ни ва аэропортдаги кузатув камераларидаги видеоёзувларни текширишни бошлаганлар.

Total ширкати директорлар кенгаши раҳбари 63 ёшли Кристоф де Маржери Россия ҳукуматининг хорижий сармояларга бағишланган мажлисида иштирок этиш учун борган.

Кристоф де Маржери ўлими муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Франсуа Олландга таъзиянома йўллаган.