Канада бош вазири: "Ҳужумлар бизни қўрқита олмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи r

Канада Бош вазири Стефен Ҳарпернинг айтишича, шу ҳафта ичида бир полициячи ва бир аскар ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар Канадани "қўрқита олмайди".

Бош вазир Ҳарпернинг илова қилишича, "террорчи гуруҳларга қарши кураш икки бараварга кучаяди".

Канада пойтахти Оттавада бир ҳужумчи кеча парламент биносига киришдан олдин ҳарбий маросимда навбатчилик қилаётган аскарларга ўт очган ва натижада бир аскар ҳалок бўлганди.

Ҳужумчи сўнгра парламент биносига кириб, полициячиларга ҳужум қилган ва улар билан бўлган отишмада ҳалок этилган.

Канадалик мулозимлар ҳужумчининг яқинда Ислом динини қабул қилган 32 ёшли Мишел Зиҳаф-Бибо бўлганини айтганлар.

Канададаги Би-би-си мухбирининг айтишича, қисқа вақт олдин "жиҳодчиларга хайрихоҳлик бўлгани" учун полиция Зиҳаф-Бибодан паспортини олиб қўйган.

Унинг шунингдек ўтмишда наркотик савдоси билан шуғуллангани ва ўғирлик жиноятларида айблангани ошкор бўлган.

Бир ҳафтада икки ҳужум

Душанба куни яқинда мусулмон бўлган Канада фуқароси машинасида бир аскарни босиб кетганди.

Квебек вилоятида юз берган мазкур ҳужум ортидан Канадада террор хавфи "паст" савиядан "ўрта" савияга ўзгартирилган эди.

Парламентга ҳужум мазкур қарор чиқишидан бир неча соат ўтиб содир этилган.

Канада шу ой бошида АҚШ етакчилигидаги "ИШИДга қарши иттифоқ"қа қўшилган эди.

Мазкур ҳужумларнинг Исломий Давлат гуруҳига алоқадор ёки алоқадор эмаслиги ҳозирча очиқланмаган.